Шри-Ланка соҳиллари яқинида Эрон ҳарбий кемасига қилинган ҳужум оқибатида камида 101 киши бедарак йўқолган, яна 78 киши яраланган. Бу ҳақда Reuters агентлиги Шри-Ланка ҳарбий-денгиз кучлари ва мудофаа вазирлигидаги манбаларига таяниб хабар берди.
Маълум қилинишича, 4 март куни эрталаб Шри-Ланканинг Галле шаҳри яқинидаги ҳудудий сувларда Эроннинг «Дена» фрегати (IRIS Dena) ҳалокат сигналини берган.
Манбаларга кўра, кемага сувости кемаси томонидан зарба берилган. Бироқ ҳужумни амалга оширган сувости кемаси қайси давлатга тегишли экани очиқланмаган.
Ҳозирда Шри-Ланка ҳарбий-денгиз кучлари ҳодиса жойида қутқарув операцияси олиб бормоқда.
Расмийларга кўра, ҳозиргача камида 30 нафар денгизчи қутқарилиб, Галле шаҳридаги шифохоналарга етказилган.
Қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.