Россиянинг Ростов вилоятида ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқаросининг жасади ватанга қайтарилди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Россиянинг Ростов вилояти Батайск шаҳрида яшовчи Ўзбекистон фуқароси Б.Ю. Ўзбекистон Бош консулхонасига мурожаат қилиб, уйида юз берган ёнғин оқибатида унинг вояга етмаган набираси ҳалок бўлганини билдирган.

Маълум қилинишича, Б.Ю. Ростов вилоятидаги қурилиш объектларида меҳнат фаолиятини амалга ошириб келган. Ёнғин натижасида ҳалок бўлган набираси Х.А.нинг барча ҳужжатлари ҳам ёниб кетган. Шу сабабли ҳужжатларни расмийлаштириш ҳамда марҳумнинг жасадини Ўзбекистонга қайтаришда Россия томони билан айрим муаммолар юзага келган.

Қайд этилишича, Бош консулхона ушбу ҳолат бўйича Россиянинг ваколатли тиббиёт муассасалари билан зудлик билан музокаралар олиб бориб, вояга етмаган ўзбекистонликнинг жасадини қайтариш учун зарур ташкилий ишларни амалга оширган.

Бош консулхона томонидан мурожаатчи номига ватанга қайтиш гувоҳномаси расмийлаштирилди. Шунингдек, Миграция агентлиги жамғармаси ҳисобидан марҳумнинг жасади Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Краснодар — Тошкент йўналиши орқали Ўзбекистонга олиб келинди.

Аввалроқ Польшада ҳужжатларини йўқотган ва саломатлиги билан боғлиқ муаммоларга дуч келган 5 нафар ўзбекистонлик элчихона ва Миграция агентлиги кўмагида ватанга қайтарилган эди. Шунингдек, юрак хуружидан вафот этган бир фуқаронинг жасади ҳам Ўзбекистонга олиб келинган.