Ўзбекистонда вояга етмаганларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноятларни такроран содир этган шахслар учун умрбод озодликдан маҳрум этиш жазосини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Президент администрацияси раҳбарининг суд тизимини ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Нодира Ҳакимова «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, тегишли чоралар аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган президент фармонида назарда тутилган.
«Ҳаммамиз кузатиб турибмиз, бу масалада халқ ташаббус кўрсатиб турибди ва шу масала қонунчилигимизда акс этиши бўйича фармонда президентимиз белгилаб бердилар», — деди Нодира Ҳакимова.
Унинг таъкидлашича, бундай жиноятлар учун ҳукм қилинган шахсларни манзил-колонияларга ўтказмаслик масаласи ҳам алоҳида муҳокама қилинган.
«Ўтган йили ҳаммамиз мудҳиш жиноятларнинг гувоҳи бўлдик ва бутун жамият ларзага келди десак бўлади. Боиси, рецидивист педофиллар манзил-колонияларга чиқарилгандан кейин яна вояга етмаган қизчаларимизга нисбатан номусга тегиш жиноятларини содир қилган», — деди у.
Гап 2025 йил октябрида маҳаллий корхонада ишлаётган пайтда қочиб кетиб, 9 ёшли қизни зўрлаган 31 ёшли манзил-колония маҳкуми ҳақида кетмоқда. Суд уни 18 йилга озодликдан маҳрум қилиб, ўта хавфли рецидивист деб топган. Ушбу шахс 2018 йилдан буён ҳам болани зўрлаш жинояти учун жазо ўтаб келаётган эди.
Ҳакимованинг айтишича, бундай жиноятлар энг оғир тоифадаги жиноятлар қаторига киради.
«Нима учун уларни манзил-колонияларга чиқармаймиз? Нима учун энди педофил рецидивистларга нисбатан умрбод қамоқ жазосини қўллаймиз? Чунки бу жиноятларга худди қасддан одам ўлдириш каби энг оғир жиноятлар билан тенглаштириб қарасак бўлади. Бу бир гўдак қизнинг бутун умрини завол қилишга олиб келадиган жиноятлар. Шу сабабли айнан шундай кескин ислоҳотларни президентимиз ўз фармонларида белгилаб бердилар», — деди у.
Эслатиб ўтамиз, президент фармони билан уч ой муддатда вояга етмаганларнинг жинсий эркинлигига қарши жиноятлар, улар билан жинсий алоқа қилиш ва уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этиш учун илгари судланган шахслар томонидан қуйидаги жиноятлар содир этилган тақдирда жазо белгилаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тайёрлаш топширилди:
- 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига текканлик учун- умрбод озодликдан маҳрум қилиш;
- 14 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий шаклда қондирганлик учун- узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш.
Бундан ташқари, 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатларни бир гуруҳ шахслар томонидан содир этганлик учун янада қатъийроқ жавобгарлик белгилаш, шунингдек, тергов ва суд амалиётидан келиб чиқиб, ЖКнинг 129-моддаси (16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) диспозициясига аниқликлар киритиш режалаштирилган.