Ўзбекистон авиакомпаниялари 28 февралгача Саудия Арабистонига борган 4948 нафар йўловчини Мадина ва Жиддадан 21 та рейс орқали ватанга қайтарди. Бундан ташқари, Дубайдан (БАА) 235 киши олиб келинди, деб хабар берди Транспорт вазирлиги 4 март куни.

Яқин Шарқнинг қатор давлатлари ҳаво ҳудуди 28 февралдан буён ёпиқ қолмоқда. Ўша куни АҚШ ва Исроил Эронга авиазарбалар беришни бошлаган, Эрон эса бунга жавобан Исроил ва минтақадаги бошқа давлатлардаги нишонларга ҳужум қилганди. 28 февралдан 2 мартгача Саудия Арабистони, БАА, Қатар, Кувайт ва Исроилдан жами 1681 нафар йўловчи Ўзбекистонга учиб кела олмаган.

Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан, Транспорт вазирлиги маҳаллий ва хорижий авиакомпаниялар билан ҳамкорликда аниқ режалар ишлаб чиқди. Ушбу ишларни мувофиқлаштириш учун «Ўзавиация» агентлигида туну кун ишлайдиган штаб ташкил этилди.

Вазият доимий равишда ўзгариб бораётгани ва минтақа давлатлари авиация маъмуриятлари билан музокаралар якунида эришилган келишувларни инобатга олган ҳолда, барча авиакомпаниялар амал қилиши лозим бўлган талаблар белгиланди. 2 мартдан Ўзбекистондан Яқин Шарқ мамлакатларига ва у ердан ортга барча йўловчи рейслари тақиқланди. Умра зиёрати дастури тўхтатилди. Фақат репатриация (қайтиш) рейсларига рухсат берилган.

Транспорт вазирлиги бундай рейслари бўйича маълумот олиш учун фақат авиакомпаниялар ваколатхоналарига мурожаат қилиш кераклигини эслатди. Вазирлик сўнгги кунларда Ўзбекистонга ёки қарама-қарши йўналишда олиб чиқишни ваъда қилаётган шахслар фаоллашганидан огоҳлантирди.

Шунингдек, йўловчиларга ёрдам бериш учун «Ўзавиация» агентлигида колл марказ ишламоқда: +998−78−120−00−72, +998−71−200−07−65. Аввалроқ Ўзбекистоннинг Яқин Шарқ мамлакатларидаги дипломатик ваколатхоналари алоқа рақамлари рўйхати эълон қилинганди.