• Вс. Апр 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда зўравонлик қурбонларига ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш учун «ягона дарча» тизими ишга туширилади



Ўзбекистон президентининг 3 мартдаги фармонида зўравонликдан жабрланганларнинг мурожаатларини қайта ишлаш бўйича ягона моделни жорий этиш кўзда тутилмоқда. Ушбу тизим қандай ишлаши ҳақида Nemolchi.uz лойиҳаси асосчиси Ирина Матвиенко «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида сўзлаб берди.

«[Бундай тизимнинг пайдо бўлиши] жуда муҳим, чунки кўпинча зўравонликдан жабрланган аёллар ва қизлар турли идораларга югуришга мажбур бўлади. Адолатга эришиш учун алоҳида, тиббий ёрдам олиш учун алоҳида, ижтимоий ёрдам учун эса яна бошқа жойга мурожаат қилади. Энди „ягона дарча“ тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда: аёл ёки қиз битта нуқтага мурожаат қилади ва шу ернинг ўзида унга барча зарур хизматлар кўрсатилади. Бу жабрланувчига йўналтирилган ёндашув бўлиб, ретравматизациянинг олдини олади», — деди Ирина Матвиенко.

«O‘smir-signal» янги модули

2026 йил якунига қадар Ички ишлар вазирлигининг жиноят ва ҳодисаларни ҳисобга олиш электрон тизимида «O‘smir-signal» модулини ишлаб чиқиш режалаштирилган. Ушбу модуль эрта никоҳлар ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида хабардор қилиш имконини беради.

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси бўлим бошлиғи Исломиддин Холиқов зўравонлик ва эрта никоҳларнинг олдини олишда маҳаллалар ҳам фаол иштирок этишини таъкидлади.

«Маҳалла тизимида фаолият юритаётган ходимлар учун эрта никоҳ ва эрта ҳомиладорликнинг олдини олиш, шунингдек, болалар ва аёлларга нисбатан тазйиқ ҳамда зўравонлик масалаларини ҳал этиш асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Давлат раҳбарининг фармонида бу борада фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ФҲДЁ органлари, таълим, соғлиқни сақлаш ва диний соҳа вакиллари зиммасига алоҳида вазифалар юклатилган», — деди у.

Gazeta аввалроқ 1 апрелдан ҳимоя ордерини олган жабрланувчи аёлларнинг розилиги билан уларнинг алоқа воситаларига (телефон, планшет ва бошқа қурилмалар) Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг SOS тугмачали my.ihma.uz мобил иловаси ўрнатилиши ҳақида хабар берганди.

Ушбу илова тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари ҳақида зудлик билан хабар бериш имконини яратади. Тугма босилганда, 5 км радиусда бўлган ички ишлар органлари ходимлари 10 дақиқа ичида етиб келишлари лозим бўлади.

Ирина Матвиенко Gazeta учун ёзган колонкасида Ўзбекистонда аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш бўйича Миллий стратегия зарурлигини, бу эса ушбу йўналишдаги мақсад ва вазифаларни узоқ муддатли режалаштириш имконини беришини таъкидлаганди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *