Ўзбекистонда бугунги кунда эрта никоҳлар ва туғуруқлар сони ҳали ҳам кўп. Қизларни эрта узатиш ҳолатлари ҳеч ҳам аримаяпти. Бу ҳақда Президент администрацияси раҳбарининг суд тизимини ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Нодира Ҳакимова давлат раҳбарининг аёллар ва болалар ҳуқуқларини кучайтириш тўғрисидаги фармонига берган шарҳида таъкидлаб ўтди.
«Никоҳ қуриш ёши гарчи 18 ёш бўлса-да, турли сабабларни баҳона қилиб, бу ёшни қисқартириш амалиёти ҳам мавжуд», — деди у.
Эндиликда никоҳ ёшини пасайтириш учун асос бўладиган ҳолатларнинг аниқ ва тугал рўйхати белгиланади.
«Буни ўргансак, тагида бувиларнинг хоҳиш-истаги сабаб сифатида кўрсатиляпти ёки куёв бола чет элга кетади, ўзи билан олиб кетиши керак экан, деган баҳоналар билан вояга етмаган қизларни турмушга узатиш ҳолатлари бўляпти. Энди никоҳ ёшини қисқартириш асосларини қатъий белгилаш таклифи киритилмоқда ва бу ҳеч қандай асос бўла олмайди», — деди Нодира Ҳакимова.
У шунингдек, шундай деди: «Бугунги кунда қизларимиз имкон қадар тўлиқ олий маълумот олиб, касб-ҳунарга эга бўлиб, тайёр шахс сифатида шаклланиб, турмуш қуришини рағбатлантиришимиз керак».
Президент администрацияси раҳбари ўринбосари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни ёки никоҳ тузиш тартибини бузиш бўйича модда борлигини эслатиб ўтди. Унда вояга етмаган қизга уйланган эркак, унинг ота-онаси ва диний маросимни ўқиган шахс учун жазо кўзда тутилган, бироқ воситачилар учун жазо йўқ эди.
Эндиликда ушбу модда вояга етмаган қизни турмушга беришга чақирган, бундан манфаатдор бўлган ва буни рағбатлантирган фуқароларга ҳам тегишли бўлади.
Ўқишни давом эттириш имконияти
«Ўқишини тугата олмаётган, ўқишдан четлатилаётган, курсдан курсга қолаётган қизларнинг кўпчилиги учун оилавий шароит ё фарзанд кўргани ёки ҳомиладорлик ҳолати сабаб бўлган. Айнан шундай қизларга таълимини охиригача етказиб, якунлаб олиш учун иккинчи имконият бериш таклифи илгари суриляпти. Яъни уларга мустақил ўзлари таълим дастурини ўзлаштирган ҳолатда талаб этиладиган модулларни ўзлаштириб, имтиҳонларни топшириб, ўз ўқишларини охиригача якунлаш ва таълим даражаларини олиш имкониятларини бериш масаласи кўтариляпти», — деб таъкидлади Нодира Ҳакимова.
Унинг сўзларига кўра, эрта ёшда фарзанд кўрган қизлар ҳар бир давлат органи томонидан изчил қўллаб-қувватланади.
Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаёров аввалроқ эрта никоҳлар ва қариндошлар ўртасидаги никоҳлар ногиронлиги бўлган болалар туғилиши эҳтимолини сезиларли даражада оширишини таъкидлаганди. 2025 йил октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда қизларнинг ёши 15−17 ёшни ташкил этган 155 та эрта никоҳ ҳолати қайд этилган.
Ўзбекистонда эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёши — 18 ёш (2019 йилгача аёллар учун бу ёш 17 эди). 2016 йилда ФҲДЁ органлари 17 ёшли 4233 нафар қизнинг никоҳини қайд этган бўлса, 2017 йилда бу кўрсаткич 4853 тани, 2018 йилда эса 5123 тани ташкил этган. 2021 йилда берилган хабарларга кўра, аёллар учун никоҳ ёши оширилганидан кейин — 2020 йилда 17 ёшли қизлар ўртасидаги никоҳлар сони бирданига 97 фоизга камайиб, 88 та ҳолатни ташкил этган.
