Жаҳон бозорида олтиннинг юқори нархларига қарамай, Ўзбекистон кетма-кет тўрт ойдан бери олтин экспортини амалга оширмаяпти. Gazeta Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий фаолияти бўйича Миллий статистика қўмитаси маълумотларини ўрганди.
Ўзбекистон охирги марта 2025 йилнинг сентябрь ойида 1,47 млрд долларлик (шунингдек, октябрда 0,3 млн долларлик) олтин сотган. 2025 йил якунига кўра, қимматбаҳо металл етказиб бериш ҳажми 9,9 млрд доллардан ошиб, янги мутлақ рекордни ўрнатди. Жами экспортда олтиннинг улуши 29,2 фоизни ташкил этди.
Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, январда ҳам олтин экспорти амалга оширилмади.
Миллий статистика қўмитаси маълумотлари асосида Gazeta тайёрлади.
2026 йил 1 февраль ҳолатига Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари ҳажми 75,08 млрд долларга етди. Ўтган йилнинг август-сентябрь ойларигача нисбатан барқарор сақланган мамлакат захиралари октябрь ойидан бошлаб юқори суръатда ўсиб, ўз тарихий максимумларини янгилаб келмоқда.
Январь ойида олтин-валюта захиралари ҳажми 8,76 млрд долларга (+13,2 фоиз), йиллик ҳисобда (ўтган йилнинг февраль ойига нисбатан) эса 32,2 млрд долларга (+75 фоиз) кўпайган.
Захиралар ўсиши асосан ундаги олтин қийматининг ошиши ҳисобига таъминланди. Захиралардаги олтиннинг қиймати ўтган ойга нисбатан 9,9 млрд долларга (+17,9 фоиз) ошиб, қарийб 65 млрд долларни ташкил этди. Январь ойида регулятор олтин захираларини физик ҳажмда тахминан 12,8 млн трой унциягача (+0,2 млн унция) оширди.
Январда Ўзбекистон 9 тонна олтин сотиб олди
Жаҳон олтин кенгаши (WGC) маълумотларига кўра, 2026 йилнинг биринчи ойида Ўзбекистон Марказий банки ўтган йилнинг октябридан бери давом этаётган харидлар сериясини давом эттириб, 9 тонна олтин сотиб олди. Шундай қилиб, МБнинг олтин захираси 399 тоннага етди. Ўзбекистон олтин захираларининг ўсиши жуда тез суръатларда кечмоқда, дейди WGC. 2020 йилнинг шу даврида олтин умумий захираларнинг 57 фоизни ташкил этган бўлса, 2026 йил январь ҳолатига унинг захиралардаги улуши 86 фоизгача ўсди.
Умуман, январь ойидаги харидларда Марказий ва Шарқий Осиё марказий банклари етакчилик қилди. Марказий Осиёда ҳар икки йўналишда ҳам фаоллик кузатилди: Ўзбекистон 9 тонналик харид билан энг йирик харидорлар қаторидан жой олган бўлса, Қозоғистон ва Қирғизистон ўз олтин захираларини бир тоннадан камайтирди.

2026 йилнинг дастлабки ойида марказий банклар томонидан олтин хариди.
Россия бу ойда энг йирик сотувчига айланди (9 тонна).
Ундан кейинги ўринда — Болгария Миллий банки (2 тонна). Болгария мамлакатнинг 2026 йил 1 январда евро валютасига ўтиши ва Европа Иттифоқининг 21-аъзосига айланиши доирасида олтинни Европа Марказий банкига ўтказди.
Бу ойда олтин сотиб олган бошқа марказий банклар қаторига Чехия (2 тонна), Индонезия (2 тонна), шунингдек, Хитой ва Сербия (ҳар бири 1 тоннадан) киради. Хитойнинг кетма-кет 15 ой давомида олтин харид қилиши унинг олтин захиралари ҳажмини умумий захираларининг қарийб 10 фоизига етказди.
Малайзия Миллий банки январь ойида 3 тонна олтин сотиб олиб, олтин харидорлари орасида янги ном бўлди — бу банкнинг 2018 йилдан бери захираларни биринчи марта ошириши. Марказий банк январь ойи охирига келиб ўз олтин захирасини 42 тоннага, яъни умумий захираларининг 5 фоизига етказди.
WGC`нинг қайд этишича, геосиёсий ноаниқлик марказий банклар томонидан олтин харид қилинишининг доимий сабаби бўлиб қолмоқда, январь ойидаги юқори волатиллик эса эътиборга молик истисно бўлди.
Йил бошида марказий банкларнинг олтин харид қилиш суръати олдинги 12 ойлик ўртача кўрсаткич — 27 тоннага нисбатан секинлашди. Январь ойи учун соф харидлар ҳажми жами 5 тоннани ташкил этди. Олтин нархларининг ўзгарувчанлиги ва байрамлар мавсуми айрим марказий банкларни бироз тўхтатиб қўйган бўлиши мумкин. Бироқ пасайиш аломатлари кўринмаётган геосиёсий кескинликлар, катта эҳтимол билан, 2026 йил ва ундан кейинги даврларда ҳам захираларни тўлдириш жараёни давом этишига сабаб бўлади, дейди WGC.
