• Вс. Апр 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Яқин Шарқда жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ — ТИВ


4 март ҳолатига кўра Яқин Шарқ минтақасида содир бўлаётган воқеалар фонида Ўзбекистон фуқаролари орасида ҳалок бўлганлар ёки жабрланганлар қайд этилмаган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

Вазирлик таъкидлашича, минтақадаги вазият доимий назорат остида. Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг Яқин Шарқ мамлакатларидаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Маълум қилинишича, Ўзбекистоннинг минтақа давлатларидаги элчихоналари ва консуллик муассасалари ижтимоий-сиёсий ва ҳарбий-сиёсий вазиятни 24 соат давомида мониторинг қилиб бормоқда. Шунингдек, қабул қилувчи давлатларнинг ташқи ишлар идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари, фуқаролик муҳофазаси хизматлари ҳамда авиация маъмуриятлари билан доимий ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Вазирлик маълумотига кўра, элчихоналар ва консуллик муассасалари ҳузурида «тезкор линия»лар ташкил этилган. Шунингдек, Ташқи ишлар вазирлигининг call-маркази ҳам фаолият юритмоқда. Фуқаролардан келиб тушаётган барча мурожаатлар рўйхатга олиниб, доимий ўрганиб борилмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, Яқин Шарқ минтақасидаги фуқаролардан жами 2144 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатлар асосан эвакуация, авиарейсларнинг бекор қилиниши ёки бошқа санага кўчирилиши, вақтинчалик турар жой билан таъминлаш ҳамда мамлакатда қолиш муддати узайиши билан боғлиқ молиявий қийинчиликлар масалаларига тааллуқли экани айтилмоқда.

Уларга манзилли консуллик ва молиявий ёрдам кўрсатилмоқда. Хусусан, Дубай, Шаржа ва Доҳа аэропортларида «Ватандош» жамғармаси орқали айрим фуқароларга молиявий ёрдам кўрсатилган. Шунингдек, фуқаролар расмий веб-сайтлар ва ижтимоий тармоқлар орқали эҳтиёт чоралари, авиарейслар ҳолати ҳамда ҳаракатлар алгоритми ҳақида мунтазам хабардор қилиб борилмоқда.

Шу билан бирга, президент топшириғига мувофиқ, Яқин Шарқ мамлакатларидан Ўзбекистон фуқароларини ватанга қайтариш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Яқин Шарқ минтақасидаги вазиятдан келиб чиққан ҳолда ва юртдошларимиз хавфсизлигини таъминлашни инобатга олиб, доимий ҳамда қўшимча рейслар ташкил этилмоқда.

Хусусан, Саудия Арабистонидан эвакуация ишлари олиб борилмоқда. Бирлашган Араб Амирликларидан эса Uzbekistan Airways авиакомпанияси томонидан репатриация рейсларини ташкил этиш масаласи ишлаб чиқилган. Бундан ташқари, авиакомпаниялар билан чартер рейсларни келишиш ҳамда минтақа авиация регуляторлари билан мувофиқлаштириш ишлари давом этмоқда.

Вазирлик таъкидлашича, айрим мамлакатларда ҳаво ҳудудининг ёпилиши ва «ҳаво ҳужуми» режими шароитида имкониятлар чекланган бўлса-да, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва уларни ватанга қайтариш бўйича ишлар узлуксиз давом эттирилмоқда.

Аввалроқ Қатарда 11 ёшли ўзбекистонлик бола йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида воқеа жойида ҳалок бўлгани хабар берилган эди. Минтақадаги вазият ва транспорт-логистика билан боғлиқ чекловлар туфайли у оиласининг розилиги билан Қатарда дафн этилди. Жараёнга Ўзбекистон элчихонаси кўмаклашди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *