• Вс. Апр 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

EТТБ 2026 йил учун Ўзбекистон ЯИМ ўсиш прогнозини 6,5 фоизгача оширди


Европа тикланиш ва тараққиёт банки (EТТБ) 2026 йил учун Ўзбекистон ЯИМ ўсиш прогнозини 6,5 фоизгача оширди. Ўтган йилнинг сентябрида банк 2026 йилги мамлакат ЯИМ ўсишини 6 фоиз даражасида прогноз қилган эди.

ЕТТБнинг февраль ойида эълон қилинган минтақавий иқтисодий истиқболлар шарҳига кўра, Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш суръати 2024 йилдаги 5,9 фоиздан 2025 йилда тахминан 6,9 фоизгача кўтарилди. Бу, шарҳда айтилишича, истеъмол ҳажмининг ортиши, кредитлашнинг жадал ўсиши, барқарор пул ўтказмалари ва юқори инвестициялар билан изоҳланади. Банк 2026 йилда минтақада ўртача ўсиш суръати бўйича прогнозларини йирик инвестиция лойиҳалари, хусусан, Қирғизистон ва Тожикистондаги лойиҳалар ҳисобига 5,6 фоизгача оширди (сентябрдаги прогнозга кўра 5,2 фоиз эди). Минтақада ўсиш суръати 2027 йилда 5,3 фоизгача мўтадиллашиши кутилмоқда.

Банк ҳисоб-китобларига кўра, 2024 йилги 6,7 фоизлик ўсишдан сўнг 2025 йилда Ўзбекистон ЯИМ ўсиш суръати 7,7 фоизгача тезлашди. 2026 йилда ўсиш 6,5 фоизгача, 2027 йилда 6 фоизгача секинлашиши кутилмоқда.

Шарҳда айтилишича, 2025 йилнинг январь-октябрь ойларида АҚШнинг Хитойдан импорти ҳажми кескин қисқариши ҳисобига Ўзбекистон, Қозоғистон ва Кот дʼИвуар АҚШ импортни абсолют рақамларда (номинал АҚШ долларида) энг кўп оширган мамлакатлар бўлди. АҚШ импортининг фоиз ҳисобида энг тез ўсиши эса Ўзбекистон, Туркманистон ва Қирғизистон ҳиссасига тўғри келди. Банк ҳисоб-китобларига кўра, ўтган йилнинг январь-октябрида АҚШнинг Хитойдан импорти 27 фоизга қисқарган, айни пайтда дунёнинг қолган мамлакатларидан импорт 12,6 фоизга ўсган.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистон АҚШга қимматбаҳо металлар етказиб бериш бўйича юқори улушга эга бўлди. Экспортнинг ўсиши нафақат нархларнинг кўтарилиши, балки жисмоний етказиб бериш ҳажмининг ортгани билан ҳам изоҳланади. Таҳлилчиларнинг фикрича, бу сунъий интеллект соҳасида қўлланиладиган компонентларга талаб ортгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Жаҳон банки ўзининг январь ойидаги ҳисоботида 2026 йилда Ўзбекистон ЯИМ ўсиши прогнозини 6 фоизга яхшилади. Банк ҳисоботига кўра, Ўзбекистон 2026 йилда Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги энг тез ривожланаётган иқтисодиётлар топ-3 талигига киради.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 7,7 фоизга ўсган. Мамлакатнинг давлат бюджети тўғрисидаги қонунига мувофиқ, ҳукумат 2026 йилда ЯИМ ўсишини 6,6 фоиз даражасида прогноз қилмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *