Тошкентда автобус бекатларида жойлашган савдо нуқталари олиб ташланади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабарида айтилади.
Маълум қилинишича, пойтахтда жамоат транспорти инфратузилмасини тартибга солиш ва янгилаш доирасида бекатлар ҳолати ўрганилган. Биринчи босқичда 100 км йўл қисмида жойлашган 360 дан ортиқ бекат ва 190 та чорраҳа хатловдан ўтказилди.
Аудит натижаларига кўра, жамоат транспорти бекатлари ҳудудида 110 та савдо объекти жойлашгани аниқланган. Улардан 61 таси бекат мажмуаси ҳудудига эгалик қилиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим эта олмаган. Уларнинг фаолиятига ҳуқуқий баҳо берилиб, тегишли чоралар кўрилади, дейилади хабарда.
Шаҳар маъмурияти қарорига кўра, барча бекатлар янгиланади. Савдо нуқталари эса бекат ҳудудидан олиб ташланади.
Қайд этилишича, рухсат берувчи ҳужжатларга эга тадбиркорларга савдо объектларини жойлаштириш учун бошқа жой ажратиш орқали компенсация тўлаш механизми ҳам назарда тутилган.
«Жаҳон амалиёти кўрсатганидек, жамоат транспорти бекатларининг замонавий концепциялари бекат ҳудудида савдо объектларининг бўлмаслигини, йўловчиларнинг транспортни эркин ва хавфсиз кутишини, платформаларнинг етарлича кенг бўлишини ҳамда тирбандлик юқори бўлганда уларни кенгайтириш имкониятини, шунингдек, инклюзив муҳит яратилишини назарда тутади», — дейилади хабарда.
Аввалроқ пойтахт ҳокимлиги йўллардаги вазиятни яхшилашга қаратилган «Долзарб 90 кунлик» бошланганини маълум қилган эди. Ишлар энг тирбанд 472 км йўллардан бошланади. Дастурда ҳаракатни ташкил этишга ўзгартириш киритиш, жамоат транспортига устуворлик бериш, светофорларни янгилаш, йўлларни таъмирлаш кўзда тутилган.
Ўтган ҳафта ЙҲТЭМ Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёевага тирбандликлар, экология ва жамоат транспорти муаммоларини ҳал этиш бўйича лойиҳаларни тақдим этди. Мирзиёева пойтахт транспорт тизимини модернизация қилиш жараёнини шахсан назорат қилишини маълум қилди.
2025 йил ёзида Рақобат қўмитаси Ўзбекистон бўйлаб 2800 та автобус бекатларини танланма усулида текшириб, уларнинг кўпчилигида ёруғлик, белгилар, пандуслар ва бошқалар йўқлигини аниқлаган эди. Қўмита йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан Транспорт вазирлиги ва ҳокимликларга кўрсатмалар юборганди.