Энди ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилган инсон машина бошқарса, ҳолат камералар томонидан аниқланиб, ҳуқуқбузарга нисбатан чора кўрилади. Бу ҳақда ЙҲХХ хабар қилди.
Қайд этилишича, мамлакат автомобиль йўлларида шахснинг юзини аниқлаш функциясига эга камералар ҳамда фото ва видео қайд этиш қурилмалари ўрнатилган бўлиб, 2026 йилнинг 23 февралдан 3 март кунигача тест режимида ишлаган.
Бу давр мобайнида ушбу қурилмалар орқали бир қанча ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилган фуқароларнинг машина бошқаргани, бошқарув вақтида телефондан фойдаланганликлари аниқланган.
Эндиликда ушбу қурилмалар қоидабузарликларга нисбатан онлайн равишда чора кўришни бошлайди.
Бошқарув ҳуқуқидан маҳрум этилган шахсларнинг транспорт воситасини бошқариши, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси 3-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Агар ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилган шахс маъмурий жазо қўлланилгандан кейин ҳам автомашина бошқарса, унга нисбатан Жиноят кодексининг 261−2-моддаси билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 2 йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади.
