Хорижий давлатларнинг ойналари туси ўзгартирилган (қорайтирилган) енгил автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон ҳудудига вақтинча кириши ва транзит ҳаракатланиши учун мажбурий йиғимларни ундириш тартибига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда ДХХнинг қўшма қарори Адлия вазирлигида 4 март куни давлат рўйхатидан ўтказилди, деб ёзади Божхона қўмитаси матбуот хизмати.
Ўзгартиришларга кўра, ойналари қорайтирилган хорижий автотранспорт воситалари учун мажбурий йиғимларни ундириш тартиби тубдан соддалаштирилди. Жумладан, энди мажбурий йиғим хорижий автотранспорт воситасининг фақатгина олд ён ойналари қорайтирганлиги учун ундирилади. Илгари амалда бўлган олд, ён ва орқа ойналар учун мажбурий йиғимлар талаби бекор қилинди.
Шунингдек, энди тўловларни «E-tranzit» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали шакллантириладиган QR-код ёрдамида электрон тўлов тизимлари орқали амалга ошириш имконияти яратилди.
Йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан тўловни текшириш жараёнида квитанция нусхаси билан бир қаторда тизимдаги ягона ҳисобварақ маълумотлари ҳам расмий ҳужжат сифатида тан олинади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 июлдаги «Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, хорижий давлатларнинг туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали енгил автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон ҳудудига вақтинча кириши ва транзити учун давлат бюджетига тушадиган 15 АҚШ доллари миқдорида йиғим ундирилади.
Ўзбекистонда орқа ойна ва орқа эшик ойналарини рухсатсиз ва бепул қорайтириш мумкин. Жисмоний шахслар учун олд эшик ойналарини қорайтириш йилига 8 БҲМ (3 млн 296 минг сўм) туради.
Аввалроқ Қирғизистон парламенти депутати Дастан Бекешев қирғизистонликлар автомобилларининг ойналари қорайтирилган бўлса, Ўзбекистон орқали ўтишда 15 доллар тўлашга мажбур бўлаётганини билдирган эди. У жавоб чораларини кўришни ёки йиғимни бекор қилишни таклиф этгач, ТИВ раҳбари масалани ўрганишни ваъда қилганди.
