• Вс. Апр 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Банклар картага ўтказмалар мақсадини кўрсатиш функциясини ихтиёрий жорий этиши мумкин — Марказий банк


Тижорат банклари ва тўлов ташкилотлари мобил иловаларда картадан картага пул ўтказмалари амалга оширилаётганда операция мақсадини кўрсатиш функциясини ихтиёрий равишда жорий этишлари мумкин. Бу ҳақда Марказий банк хабар берди.

Аввалроқ регулятор президентнинг 2025 йил 10 декабрдаги «Нақд пулсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ижроси доирасида банкларга хат юборганди. Унда мобил иловалар орқали жисмоний шахслар ўртасидаги ўтказмаларда операция мақсадини кўрсатиш функциясини жорий этиш белгиланган эди.

Хатда, шунингдек, огоҳлантириш ҳам мавжуд: талаблар ўз вақтида ёки тўлиқ бажарилмаган тақдирда, тижорат банклари ва тўлов ташкилотларига нисбатан қонунчиликда назарда тутилган чоралар ва санкциялар қўлланилиши мумкин. Шу билан бирга, ушбу талаб регуляторнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида ўз аксини топмаган.

Марказий банк ушбу функцияни жорий этиш банклар ва тўлов ташкилотлари мобил иловаларининг техник имкониятлари ҳамда хусусиятларини инобатга олган ҳолда амалга оширилишини аниқлаштирди.

«Мижозлар учун рақамли хизматлар қулайлигини ошириш мақсадида тижорат банклари ва тўлов ташкилотлари ўзларининг ички сиёсати ва техник имкониятларидан келиб чиқиб, мобил иловалардаги P2P ўтказмаларда операция мақсадини кўрсатиш функциясини ихтиёрий равишда, яъни янги параметрлар билан кенгайтириб ёки таклиф этилганларини камайтириб жорий этишлари мумкин», — дейилади хабарда.

Регулятор, шунингдек, банклар ва тўлов ташкилотларидан ушбу механизмни янада такомиллаштириш бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини Марказий банкнинг Тўлов тизимлари департаментига юборишни сўради.

Бунда банклар функцияни амалга ошириш форматини мустақил равишда белгилашлари мумкин бўлади. Масалан, ўтказма мақсадини кўрсатиш учун параметрлар рўйхатини кенгайтириши ёки қисқартириши мумкин.

Марказий банк таклиф этилаётган ўзгаришлардан кўзланган мақсад — онлайн платформалар ўртасидаги рақобатни ривожлантириш ва нақд пулсиз ҳисоб-китоблардан фойдаланишни кенгайтириш эканини таъкидлади. Бу банк иловалари фойдаланувчилари учун рақамли сервислар қулайлигини ошириши керак.

Gazeta сўровига жавобан Марказий банкнинг аниқлик киритишича, «ўтказма мақсади» функциясининг ўзини жорий этиш ҳам, унинг параметрларини белгилаш ҳам ихтиёрий ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, айрим тўлов сервислари ва банклар картадан картага пул ўтказмаларида ўтказма мақсадини мажбурий кўрсатишни назарда тутувчи янги функцияни жорий этишган. Маблағ юбораётганда фойдаланувчига қуйидаги 16 та тоифадан бирини танлаш таклиф этилади:

  1. Товарлар ёки савдо учун тўлов;
  2. Овқатланиш ва таом харажатлари;
  3. Қарзни қайтариш;
  4. Ёрдам пули;
  5. Оила ёки қариндошларга ўтказма;
  6. Совға;
  7. Етказиб бериш ҳақи;
  8. Ижара тўлови;
  9. Коммунал тўловлар;
  10. Сафар харажатлари;
  11. Таълим харажатлари;
  12. Тиббий харажатлар;
  13. Хайрия;
  14. Миннатдорчилик учун (чойпули);
  15. Ўйин-кулги харажатлари;
  16. Инвестиция ўтказмалари.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *