Ўзбекистонда мақсадли ипотека омонатлари механизмини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу президентнинг 24 февралдаги аҳолини уй-жой билан таъминлашни жадаллаштириш ва ипотека кредити тизимини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонида кўзда тутилган.

Синов лойиҳаси 2026 йил 1 июлдан 31 декабргача амалга оширилиши режалаштирилган.

Ҳужжатга кўра, ипотека субсидияси бериш тўғрисида хабарнома олган фуқаролар ихтиёрий равишда тижорат банкида жамғариб бориладиган ипотека омонатини очишлари мумкин бўлади. Омонат миқдори ипотека кредити бўйича дастлабки бадал суммасидан кам бўлмаслиги керак.

Бундай омонатдаги маблағлар 12 ойдан ортиқ сақланмайди.

Дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун давлат бюджетидан ажратиладиган субсидиялар ушбу бадалга олдиндан тўлов сифатида киритилади. Банклар қолган маблағларга бозор ставкасида фоиз ҳисоблайди.

Жамғарилган маблағлар ҳисобланган фоизлар билан бирга ипотека кредити бўйича дастлабки бадални шакллантиришга йўналтирилади.

Агар фуқаро омонат муддати давомида уй-жой сотиб олмаса, банк тўпланган маблағлар ва фоизларни тегишли нисбатда фуқарога ва давлат бюджетига қайтаради.

Бундан ташқари, ҳужжат ипотека кредитлари бўйича фоиз ставкасининг бир қисмини субсидиялашни назарда тутади. Кредит олингандан сўнг дастлабки беш йил давомида фоиз тўловларининг Ўзбекистон Марказий банкининг асосий ставкасидан ошган қисми давлат томонидан қоплаб берилади.

Бунда, фуқароларнинг субсидия олиш учун ижтимоий мезонларга мувофиқлигини баҳолаш Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг subsidiya.idm.uz тизими орқали инсон омилисиз автоматик тарзда амалга оширилади.