Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 24 февраль куни «Аҳолини уй-жой билан таъминлаш ишларини жадаллаштириш ва кўп квартирали уйлар қурилишини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади.
Ҳужжат аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, кўп квартирали уйлар қурилишини тартибга солиш, уй-жойлар қурилишини демографик ва урбанизация жараёнлари билан узвий боғлиқ ҳолда комплекс қурилиш тамойиллари асосида амалга ошириш, шунингдек, ипотека кредити бозорини янада ривожлантиришга қаратилган.
Фармонга мувофиқ, кўп квартирали уйлар қурилишида ер ажратиш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари жараёнларини ўз ичига олувчи инвестиция-қурилиш даврининг давомийлиги 1,5 бараваргача қисқартирилади. Шунингдек, кўп квартирали уйлар қурилишида реновация ҳисобига қуриладиган хонадонлар улушини 15 фоиздан 2040 йилга қадар босқичма-босқич 60 фоизгача етказиш кўзда тутилган.
Ҳужжат билан 2040 йилгача кўп квартирали уйларни фойдаланишга топшириш бўйича мақсадли кўрсаткичлар тасдиқланди (2026 йилда — 140,2 минг хонадон, 2027 йилда — 150,1 минг, 2040 йилда — 280,6 минг). Шунингдек, 2026−2028 йиллар учун алоҳида қурилиш режалари белгиланди. Бундан ташқари, «Янги Ўзбекистон» турар-жой массивлари ташкил этиладиган ҳудудлар рўйхати ҳам аниқланди.
Қурилишни режалаштиришнинг янги тартиби
Фармонга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳар йили 1 октябрга қадар ўз ҳудудлари кесимида истиқболли қурилиш ҳажмлари, аҳоли ўсиши, уй-жойга бўлган эҳтиёж, муҳандислик ва транспорт инфратузилмаси ҳолати бўйича маълумотларни таҳлил қилган ҳолда кўп квартирали уйлар қуриш бўйича таклифларни ишлаб чиқиб, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига тақдим этади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги билан биргаликда ҳар йили 15 ноябрга қадар уй-жой қурилишига оид стратегик йўналишлар ва соҳавий таҳлиллар асосида молиявий манбаларига аниқлик киритган ҳолда республикада кўп квартирали уйларни фойдаланишга топширишнинг мақсадли кўрсаткичлари лойиҳасини Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишиб, Вазирлар Маҳкамасига киритади. Вазирлар Маҳкамаси ҳар йили 1 декабрга қадар Уй-жой дастури лойиҳасини Президенти Администрациясига киритади.
Тасдиқланган Уй-жой дастурига мувофиқ бир ой ичида Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан келгуси уч йил учун туманлар ва шаҳарлар кесимида кўп квартирали уйлар қуришнинг манзилли рўйхати тасдиқланади ва расмий веб-саҳифаларида эълон қилинади.
Реновация ва комплекс қурилишга устуворлик берилади
Фармонда белгиланишича, кўп квартирали уйлар қуришда урбанизация ва комплекс қурилиш тамойиллари асосида мавжуд имкониятлар ва ресурсларни инобатга олган ҳолда, реновация лойиҳаларини амалга оширишга устуворлик берилади.
Қорақалпоғистон ва вилоятларда «Янги Ўзбекистон» массивлари учун янги ҳудудларни танлаб олишнинг қонунчиликда белгиланган мезонларига мос келадиган, массив шаклидаги реновация ва комплекс қурилиш лойиҳаларига «Янги Ўзбекистон» массиви мақомини бериш орқали уларга нисбатан амалдаги тартиб-таомиллар ва молиялаштириш манбалари татбиқ этилади.
«Янги Ўзбекистон» массивларининг йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмалари лойиҳаларини ишлаб чиқишда қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари, энергия тежовчи ускуналар, муқобил иссиқлик тизимларидан кенг фойдаланилади ва «яшил» транспорт муҳити яратилади.
Қурилишни молиялаштириш
2026 йилда «Янги Ўзбекистон» ва бошқа массивларда кўп квартирали уйларни барпо қилишда иштирок этадиган қурилиш ташкилотларини айланма маблағлар билан таъминлаш учун тижорат банклари томонидан жами 3,8 триллион сўм, шу жумладан, «Янги Ўзбекистон» массивлари учун Давлат бюджетидан 600 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар йўналтирилади.
Уй-жой дастури лойиҳалари учун инвестиция компаниялари
Фармонда шунингдек, «Toshkent Invest kompaniyasi» АЖ ва «Samarqand Invest kompaniyasi» АЖ тажрибаси асосида инвестиция компанияларини ташкил этиш кўзда тутилган. Улар тадбиркорлик субъектлари ва давлат органлари ўртасида кўприк вазифасини бажаради ҳамда комплекс қурилиш лойиҳаларининг амалга оширилиши учун масъул бўлади.
Инвестиция компаниялари:
- тегишли ҳудудда Уй-жой дастурида назарда тутилган кўрсаткичларга эришилиши;
- Манзилли рўйхатга киритилган барча кўп квартирали уйлар ўз вақтида фойдаланишга топширилиши;
- устувор равишда ҳудудларда комплекс қурилиш лойиҳалари ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши
учун масъул ташкилот сифатида фаолият юритади.
Инвестиция компанияларининг кузатув кенгаши таркибига мажбурий равишда камида бир нафар аъзо Миллий қўмита ва/ёки унинг ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши вакиллари орасидан киритилади.
Инвестиция компаниялари 2026 йилдан бошлаб ҳар чоракда бир марта танланган ер участкаларида (истиқболли ер участкалари) Манзилли рўйхатдаги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифларни қуйидаги ер тоифалари кесимида ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгашларига келишиш учун киритиб боради:
- 1-тоифа — туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти органлари тасарруфидаги бўш турган ер участкалари;
- 2-тоифа — хусусийлаштириладиган давлат мулки объектлари жойлашган ер участкалари;
- 3-тоифа — жисмоний ва юридик шахсларнинг ўз ташаббусига кўра уларга тегишли бўш турган ёки қайта ихтисослаштириладиган бино ва иншоотлар жойлашган ер участкалари;
- 4-тоифа — реновация ҳудудлари;
- 5-тоифа — қонунчиликда белгиланган тартибда ер фонди тоифаси ўзгартириладиган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари.
Бунда теишли ҳудудда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг ер фонди тоифаси ўзгартирилиши яқин ва узоқ истиқболда озиқ-овқат хавфсизлигига ва барқарор ривожланишга салбий таъсир кўрсатмаслиги юзасидан Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг хулосаси мавжуд бўлсагина ушбу ерларнинг ер фонди тоифаси ўзгартирилиши мумкин.
Яъни истиқболли уй-жой қуриш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича манзилли рўйхат — «Ер банки» механизми жорий этилмоқда.
Қурилишга тайёр ерлар аукционлар орқали сотилади
2026 йил 1 октябрдан бошлаб «Ер банки»даги ер участкалари (бундан 3-тоифа мустасно) инвестиция компаниялари томонидан бош режа концепцияси ва қуриш лойиҳаларига мувофиқ бўлган, ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгаши келишувидан ўтган ва қурилишга рухсатнома берилган, биринчи даражали лойиҳа ҳужжатларига эга бўлган қурилишга тайёр ер шаклида, қоида тариқасида, йирик бўлмаган лотларга ажратилган ҳолда очиқ электрон онлайн аукцион савдоларига чиқарилади.
3-тоифадаги ер участкаларининг ҳуқуқ эгалари ўз танловига кўра кўп квартирали уйлар қурилишини ўзи амалга ошириши ёки ер участкасини қурилишга тайёр ер шаклида электрон онлайн аукцион савдоларига чиқариш учун инвестиция компаниясини шартнома асосида жалб қилиши мумкин.
Реновация жараёнида мулкдорлар билан музокаралар
Инвестиция компанияларига кўп квартирали уйлар қуришни назарда тутувчи реновация лойиҳаларини амалга оширишда мулкдорлар билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш ва келишув битими тузиш, ушбу битимларга мувофиқ ер участкалари ва кўчмас мулкларни харид қилиш, мулкдорлар билан компенсация тўлови миқдори ва шаклини келишиш ҳамда тўлаб бериш ҳуқуқи берилади.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятида жорий этилган муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва транспорт инфратузилмасини яратиш харажатлари учун тўловлар (йиғимлар) 2026 йил 1 июлдан бошлаб республиканинг барча ҳудудларига татбиқ этилади, бундан «Янги Ўзбекистон» массивлари мустасно.
Эслатиб ўтамиз февраль бошида президент ҳузурида бўлиб ўтган йиғилишда ҳозирги вақтда қурилиш соҳасидаги рухсат олиш жараёнлари 9 та босқичдан иборат бўлиб, ўртача 90−120 кун вақт талаб қилаётгани айтилганди. Шу билан бирга, халқаро амалиётда «қурилишга тайёр ер» механизми орқали бу ишларга кетадиган вақт 7−15 кунни ташкил этаётгани кўрсатиб ўтилди.
Президентга Ўзбекистонда ҳам шунга ўхшаш тизимни жорий этиш таклиф қилинди: участкалар аукцион савдосига қўйилишидан олдин барча тайёргарлик жараёнлари якунланади ва ғолиб автоматик равишда тўлиқ ҳужжатлар тўпламини қўлга киритади. Қурилишга тайёр бўлмаган ерлар аукционга қўйилишини тақиқлаш режалаштирилган.
2025 йилда Ўзбекистонда 106,5 мингта янги хонадон фойдаланишга топширилди — бу барча даврлардаги энг юқори кўрсаткичдир. Бироқ, қурилиш соҳаси Ўзбекистондаги демографик ўсишдан ортда қолмоқда. Йилига 200 мингта янги оила пайдо бўлгани сабабли уй-жой танқислиги 90 мингдан ортиқ хонадонни ташкил этди.