• Вс. Апр 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистон Мўғулистонда уранга истиқболли майдонларда геология-қидирув ишларини олиб боради


Uzbek Overseas Geology Company (UOGC) МЧЖ ва «Навоийуран» давлат корхонаси вакилларидан иборат делегация Мўғулистонда хизмат сафарида бўлиб турибди. Сафар давомида Мўғулистон ҳудудида уранга истиқболли бўлган майдонларда геология-қидирув ишларини олиб бориш масаласи муҳокама қилинди.

Маълум қилинишича, хорижий мамлакатларда геология-қидирув ва геологик тадқиқотларни амалга оширувчи UOGC директори ўринбосари Авзал Мирабдуллаев Мўғулистоннинг Mon Atom давлат компанияси вакиллари билан учрашув ўтказиб, 2026 йил давомида мамлакат ҳудудида уран захираларини аниқлашга қаратилган геология-қидирув ишларини амалга ошириш бўйича музокаралар олиб борган.

Томонлар апрель ойида ўтказилиши кутилаётган ҳукуматлараро йиғилиш доирасида икки давлатнинг кон-геология соҳасига масъул вазирликлари ва ташкилотлари ўртасида стратегик келишув имзолаш масаласини муҳокама қилди. Мазкур келишувга мувофиқ, Ўзбекистон томонидан UOGC ва Мўғулистоннинг Mon Atom давлат компанияси ўртасида хизмат кўрсатиш шартномасини имзолаш режалаштирилмоқда.

Шартнома доирасида уранга истиқболли деб баҳоланган майдонлар бўйича зарур ҳужжатлар тўплами тайёрланади. Хусусан, геологик ва экологик лойиҳалар ишлаб чиқилиши, тегишли сертификатлар ва маълумотлар тўпланиши ҳамда улар Мўғулистонда лицензия бериш ваколатига эга масъул ташкилотга тақдим этилиши назарда тутилган.

Апрель ойидаги йиғилиш доирасида стратегик келишув ва хизмат кўрсатиш шартномаси имзоланиши кутилмоқда. Шунингдек, Mon Atom компанияси кўмагида лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва зарур лицензияларни олиш учун тегишли идораларга тақдим этиш режалаштирилган.

Шу билан бирга, лицензиялар расмийлаштирилганидан кейин геология-қидирув ишларини амалга ошириш мақсадида Мўғулистон ҳудудида фаолият юритувчи бурғилаш ва геофизика компаниялари билан шартнома тузиш масаласи юзасидан ҳам музокаралар олиб борилмоқда.

Режага кўра, жорий йилда тегишли лицензияларни расмийлаштиргандан сўнг Мўғулистонда уранга истиқболли деб топилган майдонларда геология-қидирув ишлари бошланади. Дастлабки ишлаб чиқилган лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ, биринчи босқичда ажратилган майдонларда тахминан 60 минг метр ҳажмда комплекс бурғилаш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган.

Бу ишлар натижасида ушбу майдонлардаги потенциал уран захиралари аниқланади ва олинган маълумотлар асосида кейинги босқич геология-қидирув ишлари учун аниқлаштирилган дастур ишлаб чиқилиши режалаштирилган.

Аввалроқ Uzbek Overseas Geology Company Афғонистон ҳудудида геологик-қидирув лойиҳасини амалга оширишни бошлаган эди. Ишлар Муҳаммад-Жандагар, Шамар ва Аҳмадобод блокларида олиб борилиб, углеводород ресурслари, шунингдек темир ва мис конларини аниқлашга қаратилган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *