• Пн. Апр 13th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Исроилда Ўзбекистон фуқароси маҳаллий аҳолини ҳақорат қилди, у депортация қилиниши мумкин


28 февраль куни Исроилда ишловчи Ўзбекистон фуқароси акета ҳужуми ва сиреналар янграган пайтда TikTok учун видео олган ва унда маҳаллий аҳолини ҳақоратлаган.

Видеода эркак «Мана ҳеч ким қолмади, каламушлар қочиб кетди. Ҳеч ким йўқ», — деган гапларни айтган.

Ҳолат юзасидан Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси изоҳ берди. Унга кўра, Ўзбекистон фуқароси Н.Х. ножоиз сўзлар янграган видеоси Исроил ижтимоий тармоқлар сегментида кенг тарқалган ва маҳаллий жамоатчилик орасида катта норозиликка сабаб бўлган. Шундан сўнг Исроил фуқароси А.Х. ҳолат юзасидан полиция органларига мурожаат қилган.

Вазиятдан хабардор бўлиши биланоқ элчихонанинг консуллик бўлими томонидан Ўзбекистон фуқароси Н.Х. билан тезкор тарзда боғланилиб, у билан тегишли суҳбат ўтказилган. Шунингдек, Исроил фуқароси А.Х. билан ҳам тушунтириш ишлари олиб борилган.

«Айни пайтда Ўзбекистон фуқароси Н.Х. хавфсиз шароитда бўлиб ва мазкур масала элчихонанинг консуллик бўлими назоратида турибди», — дейилади элчихона хабарида.

Элчихона Исроилда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларидан маҳаллий қонунчилик талабларига қатъий риоя қилиш, ўз хатти-ҳаракатларида эҳтиёткор бўлиш ҳамда турли провокациялардан тийилиш ҳамда ракета ҳужумлари пайтида Исроил Фронт орти қўмондонлиги томонидан бериладиган барча хавфсизлик тавсияларини сўзсиз бажаришни сўраган.

Ҳолат юзасидан полиция органларига мурожаат қилган Исроил фуқароси ўз Facebook саҳифасида Ўзбекистон элчихонасига таклиф этилганини маълум қилди. Унинг айтишича, элчихона фуқарога нисбатан жиддий чоралар кўрилишини маълум қилган.

Фото: Facebook / Ави Хен

«Кеча кечқурун Ўзбекистон Республикаси элчихонасида учрашувга таклиф қилиндим. Бизни элчи ва консул илиқ кутиб олишди. Бизга маълум қилишларича, Исроил полицияси аралашувидан аввалроқ элчихона томонидан ушбу фуқарога нисбатан жиддий чоралар кўрилган экан. Кутилишича, йигит мамлакатдан депортация қилинади ва унга нисбатан Республика қонунларига мувофиқ тегишли чоралар қўлланади. Элчи антисемитизмнинг ҳар қандай кўринишини қатъий қоралаб, жабрланган томонни қўллаб-қувватлашини билдирди», — дейилади постда.

Шунингдек, у бу ҳолатда барча ўзбекистонликларни умумлаштириб айбланмаётганини таъкидлади.

«Шу билан бирга, қуйидагиларни алоҳида таъкидламоқчиман. Биз барча ўзбекларни умумлаштириб айбламаяпмиз. Гап аниқ бир ҳолат ҳақида кетмоқда ва ўзини шу тарзда тутган ҳар бир кишига шундай муносабатда бўлиш керак. Исроилда ишлаётган ўзбекистонликлар ота-оналаримиз, бобо-бувиларимизга ғамхўрлик қилади. Уларнинг кўпчилиги қурилиш ва бошқа соҳаларда меҳнат қилади. Уларнинг мутлақ кўпчилиги сабрли, инсофли ва меҳрибон инсонлардир. Биз барча ўзбек ва тожикларни қадрлаймиз ва келажакда ҳам бир-биримизни ҳурмат қилишда давом этамиз», — дейди Исроил фуқароси Facebook’да.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *