Дональд Трамп Кристи Ноэмни АҚШ ички хавфсизлик вазири лавозимидан бўшатишга қарор қилди. Унинг ўрнига 31 мартдан Оклахома штатидан республикачи-сенатор Маркуэйн Маллин тайинланади.

Трамп Ноэмга лавозимидаги фаолияти учун миннатдорлик билдирди. Унинг сўзларига кўра, Ноэм «яхши хизмат қилди ва кўплаб таъсирли натижаларга (айниқса чегарада) эришди».

Президентнинг баёнотига кўра, ваколат муддати тугагач, 55 ёшли Ноэм «Америка қалқони» бўйича махсус вакил лавозимини эгаллайди — бу АҚШ ҳукуматидаги янги тузилма бўлиб, Ғарбий яримшарда хавфсизликни таъминлаш билан шуғулланади.

Кристи Ноэм — Дональд Трампнинг иккинчи президентлик муддатидаги жамоасининг энг таниқли аъзоларидан бири. У президентнинг иммиграция сиёсатини қатъийлаштириш йўналишини қўллаб-қувватлаб келаётган эди.

Ноэмнинг Ички хавфсизлик вазирлигидан кетиши ҳақидаги хабар Жанубий Дакотанинг собиқ губернатори бўлган ушбу хонимнинг вазирликни бошқариш усули ҳамда Трампнинг иммиграция ижроси бўйича кун тартибини амалга оширишига нисбатан танқидлар тўлқини фонида янгради, деб таъкидлайди CNBC. Ушбу сиёсат доирасида январь ойида Миннесотада федерал агентлар томонидан икки нафар АҚШ фуқароси отиб ўлдирилган эди.

Уларнинг ўлими оммавий норозиликларга ҳамда идора, Ноэм ва Трамп маъмурияти шаънига кескин танқидларга сабаб бўлган. Ноэмнинг истеъфосини ҳам демократлар, ҳам республикачилар талаб қилаётган эди.

Таъкидланишича, Ноэм Трампнинг Оқ уйдаги иккинчи президентлик муддатида ишдан бўшатилган илк Вазирлар Кабинети котиби бўлди. Трампнинг бу галги муддати юқори лавозимлардаги кадрлар алмашинуви жиҳатидан нисбатан тинч ўтмоқда ва бу 2017 йил январидан 2021 йил январигача давом этган биринчи муддатидан кескин фарқ қилади.