Яқин Шарқ минтақасида юзага келган вазият муносабати билан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан фуқаролар мурожаатларини тезкор қабул қилиш мақсадида махсус Telegram бот (@tiv_yordam_bot) ишга туширилди.

Қайд этилишича, мазкур бот орқали минтақа давлатларида бўлиб турган фуқаролар:

  • консуллик масалалари бўйича мурожаат йўллаши;
  • ўз жойлашуви ва ҳолати ҳақида маълумот қолдириши;
  • зарур ҳолатларда тезкор ёрдам сўраши мумкин.

«Барча юртдошларимизни ушбу бот орқали мурожаат қолдиришда аниқ ва тўлиқ маълумот тақдим этишга чақирамиз. Бу дипломатик ваколатхоналаримизга фуқароларимизга тезкор ёрдам кўрсатиш имконини беради», — дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, Қорақалпоғистонда Яқин Шарқдаги ватанга қайтишда муаммоларга дуч келаётган фуқароларга ёрдам кўрсатиш мақсадида штаб ташкил этилган. Минтақадаги Ўзбекистон фуқаролари штабнинг (61) 222−27−27 телефон рақами ҳамда @nukusshtab Telegram манзили орқали мурожаат қилишлари мумкин.

5 март соат 10:00 ҳолатига кўра, 1 мартдан бери Ўзбекистонга жами 9361 нафар ватандош эвакуация қилинди. Уларнинг 8114 нафари Саудия Арабистонидан, 1192 нафари эса БААдан олиб келинди. Шунингдек, Эрондан 23 нафар, Баҳрайндан 25 нафар, Ўмондан эса 7 нафар Ўзбекистон фуқаролари ватанга келтирилди.

Аввалроқ ТИВ Яқин Шарқда бўлиб турганлар учун тавсиялар эълон қилганди, шунингдек, Ўзбекистоннинг минтақадаги хорижий ваколатхоналарининг тезкор алоқа ва «ишонч телефонлари» рақамларини келтириб ўтган.