Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 5 март куни ўтказилган йиғилишда айрим ҳокимларнинг фармацевтикани ривожлантириш соҳасидаги фаолиятини танқид қилди.
Эълон қилинган маълумотларга кўра, республика бўйича 136 гектар майдонда бешта фармацевтика зонаси ташкил этилган бўлиб, уларда инфратузилма масалалари ҳал этилган. Бироқ, йиғилишда таъкидланганидек, айрим вилоят ҳокимлари ва уларнинг инвестициялар бўйича ўринбосарлари фармацевтика лойиҳаларини амалда эътиборсиз қолдирган.
Хусусан, майдони 25 гектар бўлган Жиззах фармацевтика зонасида ўтган йили бирорта ҳам дори воситаси ишлаб чиқарилмаган. Шу билан бирга, Бўстонлиқ фармзонасидаги 14 гектар ер майдони 2017 йилдан бери бўш турибди.
Ўтган йили Жиззах ва Самарқанд вилоятларида бирорта ҳам лойиҳа ишга туширилмагани таъкидланди. Бухоро вилоятида қиймати бор-йўғи 200 минг долларлик битта лойиҳа, Хоразм вилоятида эса 2 миллион долларлик битта лойиҳа амалга оширилган.
Президент ҳокимлар нафақат янги лойиҳалар сонини кўпайтирмаётгани, балки мавжуд қувватлардан ҳам самарали фойдалана олмаяётганини кўрсатиб ўтди. Ўтган йили республика бўйича 96 та корхонанинг айланма маблағи 312 миллиард сўмга камайган.
Саноат учун янги солиқ имтиёзлари
Тадбиркорлар фармацевтика зоналаридаги солиқ имтиёзларини бошқа корхоналарга ҳам татбиқ этиш илтимоси билан мурожаат қилган, чунки бундай зоналар ҳамма ҳудудларда ҳам мавжуд эмас. Шавкат Мирзиёев ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлади ва янги қўллаб-қувватлаш чораларини эълон қилди.
1 апрелдан фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш, шунингдек, доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш бўйича лойиҳалар, жойлашган манзилидан қатъи назар, уч йил муддатга ер солиғидан озод қилинади.
Бундан ташқари, тадбиркорлар лойиҳа ишга тушганидан кейин уч йил давомида фойда солиғи ва мол-мулк солиғидан озод этилади.
Шунингдек:
- биологик фаол қўшимчалар (БФҚ) ва косметика ишлаб чиқарувчилар хомашё, асбоб-ускуналар, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар импорти учун божхона божларидан озод қилинади;
- фармацевтика корхоналарига ўз ишлаб чиқариш линияларида биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқаришга рухсат берилади.
Бундан буён ҳар йили 1 июлга қадар тадбиркорларга ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш тавсия этиладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар рўйхати эълон қилиб борилади.
Ушбу рўйхатдаги препаратларни ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни амалга оширишни истаган тадбиркорлар хорижий валютада йиллик 7% ставка билан кредитлар олишлари мумкин бўлади.
Бундан ташқари, аллақачон ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштиришни режалаштирган корхоналар Саноат кооперациясини ривожлантириш жамғармасидан 10 йилгача муддатга қуйидаги ставкаларда кредит олишлари мумкин:
- хорижий валютада — йиллик 6%;
- миллий валютада — йиллик 12%.
Режа — 1 миллиард долларли лойиҳалар
Давлат раҳбари қиймати 1 миллиард доллар бўлган янги фармацевтика лойиҳаларини шакллантириш ва ишга тушириш бўйича топшириқ берди.
Шу билан бирга, вилоят ҳокимликлари соҳада умумий қиймати 2,5 миллиард долларлик лойиҳа таклифларини тайёрлади. Уларнинг амалга оширилиши йилига 1 миллиард долларлик импорт ўрнини босувчи дори воситалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имконини беради.
Хусусан, Андижон вилоятида 203 миллион долларлик 16 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Улардан бири — қон плазмасидан инсон альбумини ишлаб чиқаришни назарда тутувчи 30 миллион долларлик лойиҳа бўлиб, у Ўзбекистондаги бундай турдаги илк ишлаб чиқариш қуввати бўлади.
Сирдарё вилоятида жорий йилда қиймати 188 млн долларлик лойиҳани ишга тушириш ва Афғонистонга 50 млн долларлик дори-дармон экспортини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Шу билан бирга, Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимлари томонидан таклиф этилган лойиҳалар ҳажми ҳатто 100 млн долларга ҳам етмаслиги қайд этилди.
Президент тақдим этилган лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлигини ўрганиш ва уларни амалга ошириш чораларини кўриш бўйича топшириқ берди.
Бундан ташқари, мутасаддиларга паст қувватда ишлаётган ёки банклар балансига ўтказилган корхоналарни соғломлаштириш дастурини бошлаш вазифаси юклатилди.
Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов январда «импортни инвестицияга айлантириш» ва препаратлар сифати устидан назоратни кучайтириш зарурлигини маълум қилганди. 2025 йилда фармацевтика соҳасидаги айланма ҳажми 2 млрд долларни ташкил этган, бу 2024 йилга нисбатан 18% га (тахминан 300 млн долларга) кўпдир. Экспорт ҳажми 32 млн долларга етган.
Унинг сўзларига кўра, ўтган йил давомида 803 млн долларлик (40%) препаратлар мамлакатга 25 дан 45 даражагача бўлган ҳароратда, яъни ташиш шартларини бузган ҳолда олиб кирилган.
Шавкат Мирзиёев йиғилишда 2030 йилгача ички бозордаги маҳаллий дори воситалари улушини 70% га етказиш, шунингдек, яқин беш йил ичида экспортни 1 млрд долларгача ошириш бўйича топшириқ берди.