Қалбаки дори воситаларининг тарқалиши сабабли айрим хорижий компаниялар Ўзбекистонга оригинал препаратларни етказиб беришни тўхтатди. Бу ҳақда 5 март куни фармацевтика соҳасини ривожлантиришга бағишланган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, мамлакатда фармацевтика тармоғига янги технологиялар ва Big Pharma даражасидаги йирик халқаро компанияларни жалб қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бироқ бундай компаниялар ишлаб чиқаришни бошлашдан олдин ички бозорда дори воситалари сифати ва хавфсизлигини назорат қилувчи самарали тизим мавжудлиги ҳақида ҳақли саволларни ўртага ташламоқда.
Шу билан бирга, биргина ўтган йилнинг ўзида мамлакатда 57 мингдан ортиқ номдаги рўйхатдан ўтмаган ва контрафакт дори воситалари аниқланган.
Президент, шунингдек, қалбаки нусхаларнинг кўпайиб кетгани сабабли қатор нуфузли хорижий компаниялар 21 турдаги оригинал препаратларни Ўзбекистонга етказиб беришни тўхтатганини маълум қилди.
Шу муносабат билан, масъул идораларга дори воситаларининг ноқонуний айланишига қарши худди гиёҳвандлик ва психотроп моддалар айланишига қарши кураш каби муросасиз кураш олиб бориш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Бундан ташқари, давлат раҳбари сифатсиз ва қалбаки дори воситаларини ишлаб чиқариш ҳамда сотиш учун жавобгарликни кескин кучайтиришни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.
Йиғилишда Президент ҳокимларни бўш турган фармацевтика зоналари ва лойиҳалар йўқлиги учун танқид қилди. 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистондаги дори воситалари ишлаб чиқарувчилари, жойлашган еридан қатъи назар, ер солиғидан озод этилади. Фармацевтика лойиҳаси ишга туширилгандан кейинги уч йил давомида фойда солиғи ва мол-мулк солиғи ундирилмайди.
Шавкат Мирзиёев, шунингдек, дори воситалари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича янги чора-тадбирларни эълон қилди. Хорижий фармацевтика компанияларини жалб қилиш учун роялтидан солиқ 5% гача туширилади. Tashkent Pharma Park ҳудуди Жанубий Корея компанияларини жалб қилган ҳолда яна 100 гектарга кўпайтирилади. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг давлат харидларидаги иштироки эса кенгайтирилади.
