Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон фуқаросининг Исроилда хавф сигнали янграганда бомбапаноҳга қочаётган одамларни каламушга менгзагани ортидан ҳибсга олингани айтилган хабарлар тарқалди.
Ўзбекистон ТИВнинг ушбу вазият юзасидан берган расмий баёнотида айтилишича, жорий йил 28 февраль куни Ўзбекистон фуқароси Н.Х. ракета ҳужуми ва сиреналар янграган пайтда «TikTok» ижтимоий тармоғида видео жойлаштирган. Ушбу видеода айтилган ножоиз сўзлар акс этган бўлиб, видеотасвирлар кейинчалик Исроил ижтимоий тармоқлар сегментида ҳам кенг тарқалган ва маҳаллий жамоатчилик орасида катта норозиликка сабаб бўлган.
Шундан сўнг Исроил фуқароси А.Х. мазкур ҳолат юзасидан полиция органларига мурожаат қилган.
Вазиятдан хабардор бўлиши биланоқ Элчихонанинг Консуллик бўлими Ўзбекистон фуқароси Н.Х. билан тезкор тарзда боғланиб, у билан тегишли суҳбат ўтказган. Шунингдек, Исроил фуқароси А.Х. билан ҳам тушунтириш ишлари олиб борилган.
«Айни пайтда Ўзбекистон фуқароси Н.Х. хавфсиз шароитда бўлиб ва мазкур масала Элчихонанинг Консуллик бўлими назоратида турибди», – дейилади расмий хабарда.
Шу муносабат билан, Исроилдаги Элчихона ушбу давлатда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан маҳаллий қонунчилик талабларига қатъий риоя қилиш, ўз хатти-ҳаракатларида эҳтиёткор бўлиш ҳамда турли провокациялардан тийилиш ҳамда ракета ҳужумлари пайтида Исроил Фронт орти қўмондонлиги томонидан бериладиган барча хавфсизлик тавсияларини сўзсиз бажаришни сўрамоқда.