• Пн. Апр 13th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда камбағаллик чегараси янгиланди – Ўзбекистон янгиликлари – Gazeta


Ўзбекистонда камбағаллик чегарасини белгилашда қўлланадиган кўрсаткич 6,9 фоизга — бир киши учун ойига 669 минг сўмдан 715 минг сўмгача (кунига 22 минг сўмдан 23 минг сўмгача) оширилди. Бу ҳақда президент ҳузуридаги Статистика агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қонунчиликка мувофиқ, қўмита ҳар йили 20 январгача ушбу кўрсаткични эълон қилиши шарт. Бироқ, ўтган йилдагидек, минимал истеъмол харажатлари (МИХ) миқдори кечикиш билан янгиланди. МИХни эълон қилишдаги кечикиш ижтимоий тўловларнинг белгиланган муддатдан кечроқ индексация қилинишига олиб келади, бунинг оқибатида кам таъминланган оилалар амалда тегишли маблағларни тўлиқ ололмай қолади.

Охирги марта МИХ кўрсаткичи ўтган йилнинг февраль ойида 3,2 фоизга оширилган эди.

Ҳисоблаш тартибига кўра, келгуси йил учун минимал истеъмол харажатлари озиқ-овқат, ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматлар нархлари даражасидан, яъни инфляциядан келиб чиқиб индексация қилинади.

Шу билан бирга, 2025 йилда инфляция даражаси 7,3 фоизни ташкил этган бўлса, минимал истеъмол харажатлари (МИХ) 6,9 фоизга ошди. Статистика агентлиги буни камбағаллик чегарасини белгилаш учун ўтказиладиган сўровномада иштирок этувчи уй хўжаликларининг истеъмол таркиби фарқ қилиши ва унда озиқ-овқат маҳсулотлари устуворлик қилиши билан изоҳлайди. Ўтган йили озиқ-овқат инфляцияси 5,5 фоизни ташкил этган.

2022 йилдан бошлаб «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали оилани кам таъминланган деб эътироф этишда қўлланадиган жон бошига тўғри келадиган бир ойлик ўртача даромад мезони минимал истеъмол харажатларига тенглаштирилган.

Айрим нафақалар ва бошқа ижтимоий нормалар миқдори МИХдан паст бўлмаган даражада тўланиши лозим.

Маълумот ўрнида, жаҳон тажрибасида минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичидан камбағаллик чегараси сифатида фойдаланиш кенг тарқалган бўлиб, мазкур кўрсаткичдан:

  • давлатнинг моддий ва бошқа ижтимоий кўмакларига муҳтож аҳолининг мақсадли (таргет) гуруҳини аниқлаш;
  • камбағалликка қарши курашиш стратегияси ва дастурларида белгиланган вазифа ва чора-тадбирларнинг натижадорлиги ҳамда манзиллилигини ошириш, шунингдек, уларнинг доимий мониторингини юритиш;
  • пенсиялар ва нафақаларнинг энг кам миқдорини белгилаш, шунингдек, камбағал оилаларга бериладиган бошқа турдаги моддий кўмакларни кўрсатишда мезон сифатида фойдаланилади.

Таққослаш учун: Қирғизистонда камбағаллик даражаси тахминан 25% ни ташкил этмоқда. Бу камбағаллик даражасини аниқлаш учун асос сифатида ишлатиладиган яшаш минимумининг юқорироқ даражада белгилангани билан боғлиқ. 2025 йил якунларига кўра, Қирғизистонда яшаш минимуми 9,2% га ўсди ва 8697,32 сомни (тахминан 1,2 млн сўм) ташкил этди. Қўшни давлатда ушбу кўрсаткич ҳудудлар ва аҳоли гуруҳлари (жинси, болаларнинг ёши бўйича, пенсионерлар учун, банд бўлганлар учун) кесимида белгиланади. Энг юқори яшаш минимуми — пойтахт Бишкекда: 8984,12 сом. Болалар учун у 7379,07 сомни ташкил этади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *