Ўзбекистонда энди ипотека кредити асосида сотиб олинган уйга фуқароларни ушбу уй эгаси аризаси ва гаровга олувчининг (банкнинг) розилиги асосида яшаш жойи ва турган жой бўйича рўйхатдан ўтказишга рухсат берилади. Бу президентнинг 24 февралда қабул қилинган фармонида белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил июль ойида қабул қилинган қонун билан 2011 йилда қабул қилинган «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка бўйича прописка қилиниши лозим бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифалари рўйхати тўғрисида»ги қонун ўз кучини йўқотганди.

Эски қонунда фақат 12 тоифадаги фуқаролар (уй-жой мулкдорлари, қариндошлар, васийликдаги ва тарбиялаш учун оилага қабул қилинган болалар, ота-онаси бўлмаган вояга етмаган қондош ака-ука ва опа-сингиллар, парламент, президент, Вазирлар маҳкамаси томонидан ёки улар билан келишилган ҳолда сайланган, тайинланган, тасдиқланадиган фуқаролар, шунингдек, уларнинг оила аъзолари ва бошқа шахслар) доимий прописка қилинишига рухсат берилганди.

Июлдаги қонун билан эса бу рўйхат бекор қилинди — ҳар қандай фуқаро доимий пропискадан ўтиши мумкин бўлди. Шунингдек, Фуқароларни яшаш жойи бўйича рўйхатга олишнинг хабардор қилиш тартибини жорий этишга қаратилган янги механизмлар жорий этилди.

Фуқароларга, бундан ташқари, доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ёки ўзлари учун қулай бўлган ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимлари, давлат хизматлари марказлари орқали шахсан бўлиб турган жойи бўйича рўйхатдан ўтиш учун онлайн ариза бериш имконияти берилди.