Самарқандда йўлни кесиб ўтаётган пиёдани Onix автомобили уриб юборди, оқибатда жабрланувчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда «Миллар» дастурида хабар берилди.
Маълум қилинишича, ҳодиса Самарқанд шаҳрида юз берган. Воқеа санасига аниқлик киритилмаган. Кузатув камерасига тушиб қолган ЙТҲ тасвирлари ижтимоий тармоқларда тарқалган. Унда уч нафар пиёда йўлнинг белгиланмаган жойидан кесиб ўтаётганини кўриш мумкин. Шу вақтда Onix русумли автомобиль улардан бирини уриб юборган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳайдовчи автомобилни юқори тезликда бошқарган бўлиши мумкин.
ЙҲХХ матбуот котибининг маълум қилишича, ЙТҲ оқибатида пиёда вафот этган. Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Унинг якунларига кўра қонуний қарор қабул қилинади.
Аввалроқ Навоий вилояти Конимех туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида тўрт киши вафот этгани хабар берилганди. Дастлабки маълумотларга кўра, аварияга қувиб ўтиш қоидаларини бузиш сабаб бўлган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Ўзбекистонда 9226 та ЙТҲ оқибатида 2188 киши ҳалок бўлган ва 8901 киши жароҳат олган (йил давомидаги камайиш — 1 фоиздан кам). Жамоат хавфсизлиги департаменти ЙҲХХнинг қайд этишича, ҳар 100 минг аҳолига нисбатан ҳисобланганда, ҳалок бўлганлар сонининг йиллик камайиши сезиларлироқ — 2021 йилдаги 6,9 нафардан 2025 йилда 5,7 нафаргача (-17%) пасайган.