• Пн. Апр 13th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Бу йилги қиш мавсуми ва февраль барча йиллардаги энг илиғи бўлди — Ўзгидромет


Ўтган февраль ойидаги ҳарорат тартиби қишнинг сўнгги ойи учун хос бўлмади, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.

Деярли бутун февраль давомида кузатилган жуда илиқ об-ҳаво ойнинг ўзига хос ҳусусиятларидан биридир. Ой давомида қисқа даврга ҳароратнинг нисбатан пасайиши кузатилди, аммо шунга қарамай, ўртача бир кеча-кундузлик ҳаво ҳарорати, асосан меъёрдан юқори бўлиб, фақат ойнинг охирги кунида меъёрдан 2−3 даражага паст бўлди.

Республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларида совуқ қисқа муддатли бўлиб, лекин ҳарорат сезиларли даражада — меъёрдан 4−6 даражага паст бўлди. Ўртача ойлик ҳаво ҳарорати иқлим меъёридан 5−7 даражага, шимоли-ғарбий ҳудудларда 3−4 даражага юқори бўлиши қайд этилди.

Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида (шимоли-ғарбий ҳудудлардан ташқари) 2026 йил февраль ойи метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун энг илиқ бўлди. Ойнинг энг илиқ кунларида республика ҳудудининг катта қисмида кундузи ҳаво +22…+27, шимолда ва Фарғона водийсида эса +19…+21 даражагача исиди.

Февраль ойи учун бундай юқори ҳарорат қийматлари сўнгги йилларда (2004, 2016 ва 2021) тез-тез кузатилди. 19−20 февралда ушбу кунлар учун максимал ҳарорат қийматлари деярли ҳамма жойларда кузатилди.

Минимал ҳаво ҳарорати фақат айрим кечаларда 0…-4, республика шимолида −8…−13, Устюртда −15…−18 даражагача пасайди. Марказий ва жанубий вилоятларнинг қатор туманларида ҳаво ҳарорати манфий қийматларгача пасаймади.

«Бу ўтган февраль ойининг иккинчи ўзига хос хусусиятидир. Ахир, ҳатто бу асрда ҳам шундай февраль ойлари кузатилганки (2008, 2012, 2014 й.й.), бунда кечалари ҳарорат −12…−17, шимолда −25…−30 даражагача пасайган», — дейди синоптиклар.

Ўзбекистон ҳудуди бўйича асосан ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик тез-тез ёғди, шимоли-ғарбий ҳудудларда эса ёғингарчилик ёмғир ва қор кўринишида бўлди. Ҳудуднинг катта қисмида ой учун ёғингарчилик миқдори ойлик меъёр атрофида ва ундан кам бўлди. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда ёғингарчилик ойлик меёр атрофида ва ундан кўп бўлди.

5 февраль куни Урганч ҳудудида ёмғир ва қор кўринишидаги ёғингарчилик бир кеча-кундузда 48 мм (ойлик меёрдан 302%) ни ташкил этди, бунда нафақат февраль учун, балки бутун йил учун максимал бир кеча-кундузик ёғингарчилик миқдорининг янги рекорди ўрнатилди.

Республиканинг тоғли ҳудудларида ойлик ёғингарчилик миқдори февраль меъёридан кўп бўлди. Кучли ёғингарчилик бир неча бор қайд этилди ва 20−40 мм га етди, баъзи жойларда бир кеча-кундузда 50−55 мм гача (ойлик меёрдан 25−50%) бўлди.

12 февраль куни Тошкент вилоятининг айрим тоғли ҳудудларида қор ёғди, бир кеча-кундузда ёғингарчилик миқдори 60−65 мм (ойлик меёрдан 75%) бўлди. Шу куни Қамчиқ довони ҳудудида 74 мм қор ёғди, бу эса довон орқали автотранспорт воситалари ҳаракатланишини чеклади. Чимён табиий чегараси ҳудудида ва Қамчиқ довонида қор кўчки ҳодисалари кузатилди.

Ёғингарчилик миқдори сезиларли бўлишига қарамай, ой охирига қор баландлиги атиги меёрдан 40−70% ни ва фақат Тошкент вилоятининг баланд тоғли ҳудудларида меёрдан 100−130% ни ташкил этди. Паст тоғли ҳудудларда қор қоплами қайд этилмади. Бу эса тоғларда ёғингарчиликнинг катта қисми ёмғир кўринишида ёғгани ва юқори ҳарорат фони билан изоҳланади.

Республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15−20 м/с гача, шимолда ва чўл ҳудудларда 22−25 м/с гача кучайди, Нурота ҳудудида (Навоий вилояти) шамолнинг кучайиши 27−30 м/с га етди. Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида туман ҳодисалари кузатилди.

2025−2026 йилларнинг қиш мавсуми қандай ўтди?

Ўзгидромет мутахассисларига кўра, бу сафарги қиш мавсуми илиқ бўлди. Унинг ўртача ҳарорати иқлим меъёридан 3−4 даражага, республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларида 1−2 даражага юқори бўлди.

Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида (шимоли-ғарбий ҳудудлардан ташқари) 2025−2026 йилларнинг қиш мавсуми метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун энг илиқ қиш фасллари рейтингида биринчи ўринни эгаллади.

Республикада қишнинг уч ойи ҳам илиқ бўлиб (республиканинг энг чекка жанубидан ташқари), бунда январь ойининг ўртача ҳарорати иқлим меъёрига яқин бўлди.

Қишнинг энг илиқ ойи февраль ойи бўлиб, у қиш мавсумининг юқори ҳарорат кўрсаткичларига энг катта ҳисса қўшди. Декабрь ва январь ойларида ҳудуд учун қиш ойларининг ўзига хос хусусияти бўлган илиқ тўлқинлар совуқ тўлқинлар билан ўрин алмашиб туриши кузатилди.

Энг сезиларли даражадаги совуқлар январь ойининг охирида кузатилди. Совуқнинг энг юқори чўққисида кечалари ҳаво ҳарорати республика ҳудудининг катта қисмида −5…−10 даражагача, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида ва Навоий вилояти шимолида −13…−18 даража, Устюртда −21…−24 даражагача пасайди.

Энг илиқ кунлар февраль ойининг ўрталарида кузатилди, бунда ҳаво +22…+27 даражагача, шимолда ва Фарғона водийсида +19…+21 даражагача исиди.

2025−2026 йилларнинг қиш мавсуми учун ёғингарчилик миқдори ўртача кўп йиллик қийматлардан юқори бўлиб, меёрдан 110−150% ни, шимоли-ғарбий ҳудудларда ёғингарчилик меёрдан паст бўлган жойларда меёрдан 170−260% ни ташкил этди.

Айниқса, ўтган қиш мавсумига нисбатан сезиларли бўлиб, бунда ёғингарчилик миқдори меёрдан 40−70% ни ташкил этди, Фарғона водийси вилоятларида эса меёрдан 40% дан кам бўлди.

Декабрь ойи энг ёмғир кўп ёғган ой бўлди. Кўпчилик вилоятларда ойлик ёғингарчилик миқдори меёрдан 150−300% ни ташкил этди.

Сўнгги 25 йил ичида Тошкент вилоятида, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларининг айрим жойларида декабр ойи ёғингарчилик энг кўп бўлган ой бўлди.

Ўтган қишда ёғингарчилик асосан ёмғир кўринишида кузатилди, айрим кунларда қорга айланди. Республиканинг текислик ҳудудларида қор қоплами фақат қисқа муддатларга шаклланиши қайд этилди.

Тоғларда ёғингарчилик асосан қор кўринишида ёғди, аммо юқори ҳарорат фони ҳисобига қиш мавсуми охирига қор захиралари меёрдан
20% дан 70% гача, Тошкент вилоятининг баланд тоғларида меёрдан 100−120% ни ташкил этди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *