Олий таълим вазирлиги ходими хусусий университет филиалига лицензия бериш учун 100 минг доллар пора олишда гумонланиб ушланди, дея хабар қилди ДХХ.
Таъкидланишича, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Таълим ташкилотларини лицензиялаш бўлими етакчи мутахассиси Қарши шаҳрида фаолият юритувчи нодавлат олий таълим муассасасининг Сурхондарё вилоятида филиалини очиш бўйича вазирлик томонидан лицензия бериш масаласини қисқа муддатда ижобий ҳал қилиб бериш эвазига мазкур университетнинг мансабдор шахсидан 100 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизматининг Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда вазирликнинг етакчи мутахассиси сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳолат юзасидан ДХХ Тергов бошқармаси томонидан мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари бошланган.
