• Пн. Апр 13th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Япония Тошкент ва янги аэропорт ўртасида темирйўл ва метро қурилишида иштирок этиши мумкин


Япония Тошкентни янги аэропорт билан метро ва темирйўл орқали боғлаш лойиҳасида қатнашиши мумкин. Бу масала Ўзбекистон ва Япония транспорт вазирлари ўринбосарлари иштирокидаги учрашувда кўриб чиқилди, деб хабар беради вазирлик матбуот хизмати.

Музокаралар давомида транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, Янги Тошкент ва Тошкент шаҳри ҳудудларини янги аэропорт билан темирйўл, ер ости ҳамда ер усти метро линиялари орқали боғлаш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Шунингдек, Тошкент — Самарқанд темирйўлининг янги тезюрар линияларини модернизация қилиш, йўловчи ва юк ташиш ҳаракатини самарали ташкил этиш мақсадида рельс инфратузилмасини ажратиш, шунингдек транспорт соҳасидаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва Япония ўртасида транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ўзаро манфаатли алоқаларни изчил мустаҳкамлашга тайёр эканлигини қайд этди.

Янги Тошкент халқаро аэропорти Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ ва Қуйи Чирчиқ туманларида 1300 гектар майдонда қурилади. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қурилишни 2025 йил октябрь ойида бошлаганди.

Лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилади. Хусусий шериклар Vision Invest (Саудия Арабистони), лойиҳага «ўнлаб миллиард иена» сармоя киритадиган Sojitz савдо уйи (Япония) ва Incheon International Airport Corporation (Корея Республикаси) бўлади.

Аэропорт қурилиши мультимодал транспорт марказини ривожлантиришнинг бир қисми бўлиши қайд этилганди. Янги мажмуа Тошкент — Самарқанд, Тошкент — Андижон ва Тошкент — Бўстонлиқ автомагистраллари билан бевосита боғланади. Бу ерда тезюрар поезд қатнови йўлга қўйиладиган замонавий темирйўл вокзали қурилиши кутилмоқда, Тошкент ва Янги Тошкент марказлари эса шаттл транспорт хизматлари орқали боғланади.

Кейинроқ президент янги аэропортгача метро линияси қуриш режаларини ҳам маълум қилди. «Бу Тошкент ва Тошкент вилояти чорраҳасидир. Максимал 25 дақиқада етиб бориш мумкин — атиги 24 км. Шаттл-бас ташкил қиламиз, келажакда, Худо хоҳласа, метро ҳам қурамиз. Ҳаммаси уйғунликда ишлайди», — деди давлат раҳбари.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *