• Пн. Апр 13th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Президентга тўртта пулли йўл лойиҳалари тақдим этилди. Тошкент — Самарқанд трассаси беш йилда қурилиши мумкин


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда қурилиши режалаштирилган тўртта пулли автомобиль йўли лойиҳаларининг жорий ҳолатига бағишланган тақдимот билан танишди.

Хусусан, давлат раҳбари Тошкент — Самарқанд пуллик автомагистралини қуриш лойиҳасини кўриб чиқди. Режага кўра, йўлнинг умумий узунлиги 282 кмни ташкил этади (аввалроқ 300 км бўлиши хабар қилинган эди).

Шундан 140 кмлик участкаларда тупроқни мустаҳкамлаш ишлари олиб борилади. Лойиҳа доирасида, шунингдек, қуйидагиларни қуриш режалаштирилган:

  • 12 та транспорт ечими,
  • 91 та кўприк,
  • 16 та йўл ўтказгич.

Маълумотга кўра, автомагистраль Ia тоифасига мансуб бўлади. Бу автомобиль йўллари учун техник талаблар ва хавфсизлик стандартларининг энг юқори даражаси ҳисобланади.

Йўлда ҳар бири 3,75 метр кенгликдаги цемент-бетон қопламали олтита ҳаракат тасмаси барпо этилиши режалаштирилган. Йўлнинг лойиҳавий тезлиги соатига 150 кмни ташкил этади.

Қурилишни беш йил ичида якунлаш режалаштирилган.

Шунингдек, Тошкент — Ангрен — Қамчиқ довони йўналиши бўйича 171 кмлик муқобил автомобиль йўлини қуриш лойиҳаси ҳам тақдим этилди.

Ушбу лойиҳа доирасида 33 км туннеллар ва бир қатор йирик муҳандислик иншоотлари барпо этиш кўзда тутилган.

Президентга молиялаштириш манбалари ва хорижий инвесторларни жалб этиш бўйича олиб борилаётган музокаралар ҳақида ҳам ахборот берилди.

Тақдимотда таъкидланишича, йўлларни лойиҳалаштиришда қуйидаги жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиш зарур:

  • замонавий транспорт муҳандислиги ечимларидан фойдаланиш,
  • интеллектуал бошқарув ва мониторинг тизимларини жорий этиш,
  • ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш.

Тўртта пулли йўл

Тақдимотда, шунингдек, Тошкент — Чорвоқ ва Урганч — Хива автомобиль йўлларини қуриш лойиҳалари ҳақида ҳам маълумот берилди.

Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Жамшид Турсунов мамлакатда давлат-хусусий шериклик асосида тўртта пулли автомобиль йўлини қуриш режалаштирилганини маълум қилди.

«Умуман, жорий йилда давлат-хусусий шериклик асосида тўртта пулли йўллар қурилиши белгиланган. Бу — анчадан бери муҳокама бўлиб келаётган Тошкент — Самарқанд автомобиль йўли, Тошкент — Андижон йўли, Тошкент — Чорвоқ йўли ва Урганч — Хива йўллари», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, Тошкент — Самарқанд ва Тошкент — Андижон йўллари бўйича тендер жараёнлари аллақачон якунланган. Яқин вақт ичида пудратчилар билан биргаликда лойиҳаларни амалий босқичга ўтказиш режалаштирилмоқда. Ҳозирча давлат идоралари тендер ғолибини эълон қилмаган.

Тошкент — Чорвоқ йўлини қуриш бўйича танлов ҳам тасдиқланган бўлиб, ишлар жорий йилда бошланиши режалаштирилган.

«Ҳамда Урганч- Хива автомобиль йўлида бугунги кунда қурилиш ишлари бошланган ва бу йўл республикадаги биринчи пулли йўл сифатида жорий йилда фойдаланишга топширилади», — деди Жамшид Турсунов.

Унинг таъкидлашича, 2026 йилда қолган учта пулли автомобиль йўлида ҳам қурилиш ишларини бошлаш режалаштирилган.

Аввалроқ Gazeta Ўзбекистондаги илк пулли автомобиль йўли — Урганч — Хива йўли қурилишида Автойўл тузилмалари бир вақтнинг ўзида буюртмачи, пудратчи ва етказиб берувчи ролларини бажараётгани ҳақида ёзганди. Мутахассисларнинг фикрига кўра, бу вазифаларнинг институционал тарзда ажратилмагани тизимли манфаатлар тўқнашувини келтириб чиқариши мумкин. Лойиҳа 120 млн долларга баҳоланган. Антикоррупция агентлиги лойиҳани ўрганаётганини айтди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *