Шавкат Мирзиёев янги Тошкент халқаро аэропорти қурилиши лойиҳасининг асосий параметрларини кўриб чиқди, деб хабар берди президент матбуот хизмати .
Тақдим этилган маълумотларга кўра, биринчи босқичда майдони 208,4 минг квадрат метр (20,8 га) бўлган йўловчи терминали, шунингдек, ҳар бирининг узунлиги 4 км дан иборат иккита учиш-қўниш йўлагини қуриш режалаштирилган.
Президентга, шунингдек, бўлажак аэропорт ҳудудида олиб борилаётган лойиҳа-қидирув ишлари ва лойиҳани амалга оширишнинг кейинги босқичлари ҳақида маълумот берилди.
Ислом Каримов номидаги амалдаги Тошкент халқаро аэропорти ҳам ҳар бирининг узунлиги тахминан 4 км бўлган иккита йўлакка эга бўлиб, бу ҳар қандай узоқ масофага учувчи самолётларни чекловларсиз қабул қилиш имконини беради. Мамлакатнинг бошқа аэропортларида, қоида тариқасида, узунлиги 1,6 дан 3,3 км гача бўлган биттадан йўлак мавжуд — бу аксарият ички ва халқаро рейслар учун кифоя қилади.
Эслатиб ўтамиз, амалдаги аэропортнинг учиб келиш ва учиб кетиш залларини ягона терминал мажмуасига бирлаштириш режалаштирилган. Унинг умумий майдони 10 минг квадрат метрдан ошади, ўтказувчанлик қобилияти эса соатига 2400 йўловчигача кўтарилади.
Янги аэропорт ҳақида
«Янги Тошкент» халқаро аэропорти Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ ва Қуйи Чирчиқ туманлари ҳудудида, 1300 гектар майдонда қурилади. Шавкат Мирзиёев 2025 йил октябрь ойида қурилишга старт берганди.
Янги аэропорт қуриш қарори кейинги саккиз йил ичида пойтахтга йўловчи оқими уч баравар кўпайиб, йилига 9 миллион кишига етиши, 2040 йилга бориб эса бу кўрсаткич 24 миллиондан ошиши учун қабул қилинганди. Амалдаги аэропорт 11 миллион йўловчига мўлжалланган бўлиб, у шаҳар ичида жойлашган.
Объект давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида барпо этилади. Консорциум таркибига қуйидагилар кирди:
- Vision Invest (Саудия Арабистони) — 45%;
- Sojitz Corporation (Япония) — 30%;
- Incheon International Airport Corporation (Жанубий Корея) — 15%;
- Uzbekistan Airports (Ўзбекистон) — 10%.
Лойиҳа тўрт босқичда ишлаб чиқилган. 2,5 млрд долларга тушадиган биринчи босқич аэропорт терминали ва аэродром қуришни ўз ичига олади.
Қуриб битказилгач, аэропорт йилига 20 млн йўловчи ва 129 минг тонна юкни қабул қила олади, соатига 30 тагача учиш-қўнишни амалга оширади ҳамда бир вақтнинг ўзида 62 та самолётни қабул қила олади.
Янги аэропорт мажмуаси тўғридан-тўғри Тошкент — Самарқанд, Тошкент — Андижон ва Тошкент — Бўстонлиқ автомобиль йўлларига уланади. Шунингдек, юқори тезликдаги поездлар қатновини таъминлайдиган темирйўл вокзали қурилади ва Тошкент ва Янги Тошкент марказлари ўртасида автобус қатнови йўлга қўйилади.