Тошкентда электр қувватлантириш шохобчалари хатловдан ўтказилиб, 101 та шохобча зарур ҳужжатлари йўқлиги сабаб вақтинча тармоқдан узилди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги хабар қилди.
Шаҳар маъмурияти қайд этишича, сўнгги кунларда электр қувватлантириш шохобчалари мавзуси қизғин муҳокама қилинмоқда.
Ҳокимлик маълумотларига кўра, шаҳардаги электр қувватлантириш инфратузилмаси тўхтатилгани йўқ ва ишлашда давом этмоқда. Тошкентда қуввати 20 кВтдан юқори бўлган 1300 га яқин тезкор қувватлантириш қурилмаси ўрнатилган.
Ўтказилаётган хатлов эса тармоқ фаолиятининг тўхтатилишини англатмайди — у уланишларни тартибга солиш ва аҳоли учун хавф-хатарларни камайтириш мақсадида зарур, дейилади хабарда. Шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан 3 март куни 12 та ишчи гуруҳ тузилиб, улар хатлов ишларини бошлаган.
«Бугунги кунга қадар 300 дан ортиқ шохобча хатловдан ўтказилди, бу эса уланишлар ҳолатини ва тармоққа тушаётган амалдаги юкламани баҳолаш имконини бермоқда», — деб ёзди ҳокимлик.
Хатлов давомида айрим қоидабузарликлар аниқланди. Хусусан, 101 та шохобча зарур ҳужжатлари йўқлиги сабабли вақтинча тармоқдан узилди, шунингдек, 62 та шохобчанинг электр таъминоти корхоналари билан шартномаси мавжуд эмаслиги маълум бўлди.
Ҳокимлик аниқлик киритишича, қуввати 20 кВтдан юқори бўлган тезкор қувватлантириш электр тармоқлари учун жиддий юкламани юзага келтиради.
«Агар уланиш ҳисоб-китобларсиз ва техник шартларсиз амалга оширилса, турар жой биноларининг электр таъминотида ҳаддан ташқари юклама ва узилишлар хавфи ортади. Биз эса бир шаҳар аҳлимиз ва биз учун уйлар, мактаблар ва шифохоналарда электр энергиясининг барқарор бўлиши ҳаётий муҳим аҳамиятга эга», — дея қайд этди ҳокимлик.
Таъкидланишича, амалга оширилаётган чора-тадбирлар электромобиллик ривожини чеклашга эмас, балки энергия тизимининг хавфсиз ва барқарор ишлашини таъминлашга қаратилган.
Аниқланган қоидабузарликлар бўйича ваколатли органлар ҳуқуқий баҳо беради. Улар «нафақат қоидабузарликларни қайд этади, балки объектларни талабларга мувофиқлаштириш бўйича ечимларни ҳам таклиф қилади».
«Шу билан бирга, айрим шахсларнинг ушбу мавзуда шов-шув кўтаришга (хайп қилишга) ва профессионал баҳо ўрнини эгаллашга уриниши на шаҳарга, на аҳолига, на бозорга фойда келтиради», — дейилади хабарда.
Ҳокимлик қўшимча қилишича, шаҳар қонуний доирада ишлашга ва техник талабларга риоя қилишга тайёр тадбиркорлар билан конструктив ҳамкорлик қилиш учун очиқ.
Тошкент ҳокимлиги 2 март куни электр қувватлаш шохобчаларини улаш ва улардан фойдаланишда кўплаб қонунбузарлик ҳолатлари аниқлангани маълум қилиб, улар орасида бозорнинг йирик иштирокчилари ҳам, алоҳида хўжалик юритувчи субъектлар ҳам борлигини қайд этганди.
