Ўзбекистонликларни Болгарияда ишга жойлаштириш ва касбий тайёрлашга қаратилган пилот лойиҳа бошланади. Бу ҳақда Миграция агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, агентлик раҳбари Беҳзод Мусаев Болгария автотранспортчи палатаси (CBRH) бошқарув кенгаши раиси Петко Ангелов билан учрашув ўтказган.

Учрашувда Ўзбекистон фуқароларини Болгарияда ташкилий тартибда ишга жойлаштириш, уларни тайёрлаш жараёнлари ҳамда лицензияга эга хусусий бандлик агентликлари билан ҳамкорлик механизмлари муҳокама қилинган.

Болгария томони транспорт ва логистика соҳасида кадрларга эҳтиёж мавжудлигини билдирган. Хусусан, диагностик ускуналар ва электрон тизимлар билан қисқа адаптация курсларидан ўтган механик ва техник мутахассислар малакаси ва вазифасига қараб 2500 еврогача маош олиши мумкинлиги қайд этилган. Шунингдек, ҳайдовчилар учун Европа Иттифоқи талабларига мувофиқ тайёргарликдан ўтиш муҳимлиги таъкидланган.

Музокаралар якунида томонлар амалий ҳамкорликни ривожлантириш, пилот лойиҳани ишга тушириш ва махсус ўқув курсларини ташкил этиш бўйича келишув имзолади.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил июнида Шавкат Мирзиёев ва Болгария президенти Румен Радевнинг расмий делегациялар иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтганди. Унда Софияда Ўзбекистон Миграция агентлигининг ваколатхонасини очиш масаласи кўриб чиқилган. Шунингдек, икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш муҳокама қилинган.

Аввалроқ Қатарнинг Jusour компанияси билан келишувга кўра, мамлакатдаги вакансиялар базаси ўзбекистонликлар учун очилгани хабар берилганди. Номзодлар 18−45 ёшда бўлиши, инглиз тилини камида А2 даражада билиши керак. Аризалар Tawzeef платформаси орқали юборилади, танланган номзодлар билан уч томонлама шартнома тузилади.