Озарбайжон президенти Илҳом Алиев мамлакатнинг дипломатик ходимларини Эрондан тўлиқ олиб чиқиб кетиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазири Жейҳун Байрамов маълум қилди, деб хабар бермоқда Report.

Унинг сўзларига кўра, қарор ҳам Теҳрондаги элчихонага, ҳам Табриздаги бош консулликка тааллуқлидир.

«Ҳозирги вақтда бу йўналишда тегишли ишлар олиб борилмоқда», — деди у.

Байрамов, шунингдек, Эрон Нахичеванга қилинган дронлар ҳужумини «синчиклаб текширишга» ваъда берганини айтди. «Ушбу ҳодиса юзасидан аллақачон дипломатик қадамлар қўйилди, норозилик нотаси юборилди, ҳамкасбим билан телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Эрон томонидан бошланган тергов умумий жараённинг бир қисмидир. Озарбайжон хавфсизлиги давлат раҳбарининг қатъий назорати остида», — деди вазир.

5 март куни Озарбайжон ТИВ Эрон дронлари мамлакатнинг Нахичеван Мухтор Республикаси ҳудудига тушганини маълум қилганди. Идора маълумотларига кўра, битта дрон аэропорт терминали ҳудудига, бошқаси эса Шекерабад қишлоғидаги мактаб биноси яқинига тушган. Икки нафар маҳаллий аҳоли вакили жароҳатланган.

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Аракчи Озарбайжон ТИВ раҳбари Жайҳун Байрамов билан суҳбатда Эрон Нахичеванга снарядлар учиргани ҳақидаги хабарларни рад этган ва фуқароларнинг яраланганидан афсусда эканини билдирган.