1889 йил 6 мартда дунёга келган Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий 1896−1906 йилларда Қўқонда, 1908 йилда эса Намангандаги мактаб ва мадрасаларда таълим олган. 1909 йилда матбаа соҳасида ишлаб, 1910−1914 йилларда Тошкент, Қўқон ва Марғилонда усули жадид мактабларини очган.
Ижодни 1905−1906 йилларда бошлаб, турли мавзуда шеърлар битган. 1908 йилда — ўшандаёқ йўқолиб кетган «Ҳақиқат кимда?» номли роман ёзган. 1914−1915 йилларда «Енгил адабиёт», «Ўқиш китоби» ва «Қироат китоби» ўқув қўлланмаларини тайёрлаган. «Миллий ашулалар учун миллий шеърлар мажмуаси» номли тўпламни эълон қилган. 1915−1917 йилларда эса «Янги саодат», «Ўч», «Заҳарли ҳаёт ёхуд Ишқ қурбонлари», «Илм ҳидояти», «Мулла Нормуҳаммад домланинг куфр хатоси», «Очлик қурбонлари» , «Мухторият ёки автономия» сингари асарлар тақдим қилган.
«Ким тўғри?», «Туҳматчилар жазоси», «Бой ила хизматчи», «Ишчилар ҳаётидан» (1918), «Лошмон фожиаси», «Фарғона фожиаси», «Қизил қон ичида ёш гўдаклар», «Маҳбус тўранинг ҳоли» каби аксарияти бизгача етиб келмаган пьесалар ёзган. Яратган «Бурунги қозилар ёки Майсаранинг иши» комедияси ва «Паранжи сирларидан бир лавҳа ёки Яллачилар иши» драмаси ўзбек драматургиясида ўчмас из қолдирган. Шунингдек, «Ниҳоний» тахаллуси билан шеърлар ёзган педагогнинг очерк ва публицистик мақолалари «Ойна» журнали, «Садои Туркистон», «Садои Фарғона» газеталарида эълон қилинган.
Бир муддат Қўқондаги таълим даргоҳида муаллимлик қилган драматург «Шўрои ислом» ташкилотида мирза, «Кенгаш» журналида муҳаррир, Фарғона вилояти маданий-маориф бўлимида эса ходим бўлиб ишлаган. 1919−1921 йилларда Туркистон фронти сиёсий бошқармаси ихтиёридаги Ўлка мусулмон сиёсий труппасида режиссёр, Бухоро вилояти маориф ва ҳарбий тарғибот-ташвиқот шўбаси қошидаги театр труппасида эса раҳбар сифатида фаолият юритган. 1921−1924 йилларда Хоразм вилоятидаги касаба союзларининг маданий-маърифий муассасаларида мудир, Фарғона маориф қўмитаси қарамоғидаги онг-билим шўбасида мудир ўринбосари бўлган.
Асару шеърларида жадидчилик ғоялар акс этган — эркинлик, таълим ва адолатни қаламга олган маърифатпарвар 1929 йилда вафот этган.
Сана муносабати билан Gazeta қисқа умри давомида ўзидан улкан адабий мерос қолдирган Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг шеърлари асосида тест тайёрлади.