Янги ўқув йилидан бошлаб эҳтиёжманд оилалардаги қизлар учун олий ўқув юртларида таълим олишга ажратиладиган давлат грантлари квотаси икки баравар оширилиб, 4000 тага етказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимда маълум қилди.
Бундан ташқари, топ 300 таликка кирувчи ОТМлар билан ҳамкорликдаги қўшма таълим тизими асосида магистратурада таҳсил олаётган талаба қизларнинг контракт пуллари ҳам давлат томонидан тўлаб берилади.
Хотин-қизларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар йили камида 10 та йўналиш бўйича стартап-танловлар ўтказилади. Бунда ҳар бир йўналиш бўйича ғолибларга Инновация жамғармасидан 500 миллион сўмгача грант ажратилади.
«Мактабларнинг 11-синфини битириб, давлат техникумларига кирган қизларни касбга ўқитиш тўлиқ давлат гранти асосида бўлади», — деди давлат раҳбари.
Ўзбекистон президенти бугунги кунда мамлакат олий ўқув юртларида таҳсил олаётган қизлар сони 904 минг нафардан ошганини ва бу жами талабаларнинг 54 фоизини ташкил этишини таъкидлади. Шу билан бирга, докторантурада таҳсил олаётган ва тадқиқот стажировкаларини ўтаётган 8500 га яқин кишининг 61 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда.
Президент ўтган йили ўзбекистонлик 60 нафар қиз дунёнинг энг нуфузли университетларига ўқишга кирганини қайд этди.
У, шунингдек, тантанали маросим иштирокчилари — халқаро илмий олимпиадаларда муваффақият қозонган қорақалпоғистонлик Индира Сатниязова, бухоролик Вазира Файзуллаева ва навоийлик Машхура Қудратоваларнинг ютуқларини алоҳида таъкидлади.
Бундан ташқари, бир қатор халқаро стартап танловлари ғолиби, Microsoft компаниясининг Ўзбекистондаги амбассадори деб тан олинган бувайдалик Дилафрўз Жўрабоева алоҳида эътироф этилди.
