Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг февраль ойида Ўзбекистонда инфляция 0,6 фоизни (янги формула бўйича ҳам — 0,6 фоиз) ташкил этди.
Йиллик ифодада (2025 йилнинг февралига нисбатан) нархлар ўсиши 7,3 фоизгача тезлашди (январь ойида бу кўрсаткич 7,2 фоиз эди). Бир йил олдин йиллик инфляция юқорироқ бўлган — 10,1 фоиз (ўшанда ойлик кўрсаткич ҳам 0,5 фоизни ташкил этган).
Озиқ-овқат маҳсулотлари февраль ойида ўртача 0,9 фоизга (2025 йил февралида — 0,6 фоиз), йиллик ифодада эса 5,9 фоизга (2,9 фоиз) қимматлашди.
Ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи бир ойда 0,2 фоизга (0,3 фоиз), бир йилда эса 5,2 фоизга (7,7 фоиз) ошди. Хизматлар бир ойда 0,6 фоизга (0,8 фоиз), йиллик ифодада эса 13,3 фоизга (27,1 фоиз) қимматлашди.
Озиқ-овқат маҳсулотлари
Асосий озиқ-овқат маҳсулотлари орасида бир ой давомида нархлар ўсиши қўй гўштида — 2,6 фоиз (+ йил давомида 27,4 фоиз), суяксиз мол гўштида — 1,6 фоиз (+24 фоиз), суякли мол гўштида — 1,6 фоиз (+22,4 фоиз), парранда гўштида — 1,4−1,8 фоиз (+7 фоиздан +7,5 фоизгача), хом сутда — 0,4 фоиз (+5,8 фоиз), тухумда — 0,7 фоиз (+14,8 фоиз), ўсимлик мойларида — ўртача 0,4 фоиз (+12,8 фоиз), шакарда — 2,2 фоиз (-0,6 фоиз) даражасида қайд этилди.
Асосий мева-сабзавот маҳсулотлари ичида бир ой давомида нархи энг сезиларли даражада ошганлари помидор — 12,1 фоизга, қовоқ — 11,7 фоизга, картошка — 5 фоизга, булғор қалампири — 4,2 фоизга, олма — 4,1 фоизга ва лимон — 3,6 фоизга бўлди. Шунингдек, банан (3 фоизга), сабзи ва карам (1,8 фоиздан) нархлари ҳам кўтарилди.
Шу билан бирга, барра бодринг — 13,8 фоизга, мандарин — 5,6 фоизга, апельсин — 5,4 фоизга, лавлаги — 1,7 фоизга ва пиёз — 0,9 фоизга арзонлашди.
Йиллик ифодада энг юқори нарх ўсиши лимонда — 90 фоиз қайд этилди, шунингдек, олма (+12,4 фоиз), сабзи (+8,8 фоиз) ва карам (+10,6 фоиз) ҳам қимматлашди. Шу билан бир вақтда, ўтган йилнинг февраль ойига нисбатан қовоқ (-57,1 фоиз), булғор қалампири (-15,1 фоиз) ва помидор (-12,5 фоиз) нархлари сезиларли даражада пасайди.
Уй-жой хизматлари
Февраль ойида асосий коммунал хизматлар тарифлари умуман олганда барқарор бўлиб қолди, бироқ қатор ҳудудларда маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш учун тўловлар миқдори ошди. Мамлакат бўйича ўртача кўрсаткичда бу тўлов 4,7 фоизга (йиллик ифодада +32,6 фоиз) кўпайди.
Уй-жой ижараси бир ой давомида 0,5 фоизга (ўтган йилнинг февралига нисбатан +2,3 фоиз), уй-жойга хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш учун материаллар ҳамда хизматлар эса ўртача 0,4 фоизга (+6,2 фоиз) қимматлашди.
Соғлиқни сақлаш
Тиббиёт соҳасида бир ой давомида энг кўп амбулатор даволаниш нархлари ошди — 1,1 фоиз (+ йил давомида 6,5 фоиз).
Диагностика ва лаборатория хизматлари 0,8 фоизга (+9,3 фоиз), стационар даволаниш — 0,6 фоизга (+7,1 фоиз), дори-дармонлар ва тиббий буюмлар эса 0,4 фоизга (+3,9 фоиз) қимматлашди.
Транспорт
Бензиннинг ўртача нархи бир ой ичида 0,5 фоизга пасайди, бироқ йиллик ифодада 10,1 фоизга юқорилигича қолмоқда. Аи-92 маркали бензин 0,5 фоизга, Аи-95 эса 0,7 фоизга арзонлашди, Аи-98 ва Аи-100 маркалари эса 0,3 фоизга қимматлашди.
Пропан нархи бир ойда 1,9 фоизга ошди (йил давомида +9,7 фоиз), бунда литри учун энг юқори нарх чегараси 8500 сўмни ташкил этди. Метан нархи сезиларли даражада ўзгармади (+0,1 фоиз), лекин у 2025 йилнинг февраль ойидаги даражадан 30,3 фоизга юқорилигича қолмоқда.
Шахсий автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш хизматлари 0,8 фоизга (+ йил давомида 6,9 фоиз) қимматлашди.
Февраль ойидан бошлаб узоқ масофага қатновчи поездлар тарифлари ҳам ўртача 14 фоизга (+ ўтган йилга нисбатан 14,9 фоиз), авиапарвозлар эса 4,4 фоизга (-0,2 фоиз) ошди.
Энг юқори ойлик инфляция кўрсаткичлари Навоий ва Қашқадарё вилоятларида (0,9 фоиз) қайд этилди. Йиллик ифодада эса энг юқори ўсиш Фарғона вилояти (7,8 фоиз) ва Қорақалпоғистон Республикасида (7,6 фоиз) кузатилди.
Gazetа ёзганидек, 2026 йилдан бошлаб Ўзбекистонда инфляция янгича тартибда ҳисобланмоқда: товар ва хизматлар тўплами кенгайтирилди («истеъмол савати» таркиби янгиланди), Истеъмол нархлари индекси (ИНИ) формуласи ўзгартирилди, нархлар ҳақидаги маълумотлар ҳажми оширилди, статистикани эълон қилиш муддатлари эса сурилди. Миллий статистика қўмитасининг таъкидлашича, бу ўзгаришлардан мақсад — нархларнинг реал ўзгаришини янада аниқроқ акс эттириш.
