АҚШ президенти Дональд Трамп Эроннинг тўлиқ таслим бўлиши ҳақидаги келишувдан ташқари, ушбу мамлакат билан бошқа ҳеч қандай битим тузилмаслигини маълум қилди.
«Эрон билан СЎЗСИЗ ТАСЛИМ БЎЛИШДАН бошқа ҳеч қандай келишув бўлмайди! Шундан сўнг ҳамда [Эронда] БУЮК ва МАҚБУЛ раҳбар (ёки раҳбарлар) танланганидан кейин биз ва бизнинг ажойиб ҳамда жуда жасур иттифоқчиларимиз ва шерикларимиз Эронни ҳалокат ёқасидан қайтариш, унинг иқтисодиётини илгаригидан кўра яхшироқ, йирикроқ ва кучлироқ қилиш учун тинимсиз меҳнат қиламиз», — деб ёзди у ўзининг TruthSocial ижтимоий тармоғида.
У Эроннинг «буюк келажаги» бўлишини қўшимча қилди.
Бундан олдинроқ Трамп Reuters агентлигига берган интервьюсида АҚШ Эроннинг янги раҳбариятини танлашда иштирок этиши кераклигини айтганди.
«Биз Эронни келажакка бошлайдиган инсонни танлаш жараёнида иштирок этишни истаймиз, токи ҳар беш йилда бу масалага қайтиб, уни қайта-қайта такрорлашимизга ҳожат қолмасин. Биз бу инсон халққа ва мамлакатга фойдаси тегадиган шахс бўлишини хоҳлаймиз», — деди Оқ уй раҳбари.
Аввалроқ New York Times нашри Эроннинг янги олий раҳнамоси лавозимига асосий номзод сифатида ўлдирилган оятуллоҳ Али Хоманаийнинг ўғли, 56 ёшли Мужтабо Хоманаий кўрилаётгани ҳақида ёзганди. Газета маълумотларига кўра, унинг сайланишини Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) талаб қилмоқда, Мужтабо Хоманаийнинг ушбу тузилма билан яқин алоқалари борлиги айтилади.
Трамп ушбу маълумотга изоҳ бераркан, Reuters агентлигига Мужтабо Хоманаий Эроннинг янги раҳбари бўлиши даргумон эканини айтган.
28 февраль куни АҚШ ва Исроил Эронга қарши ҳарбий операция бошлади. Ҳаво ҳужуми натижасида Эрон олий раҳнамоси Али Хоманаий ҳалок бўлди. Эрон бунга жавобан Форс кўрфази мамлакатларидаги АҚШ ҳарбий базаларига ҳужум қилди.
