Ўзбекистонда жазо муддатини ўтаётган аёллар учун касб-ҳунар ўрганиш ва олий ўқув юртларида масофавий таълим олиш учун шароитлар яратилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимда маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Ўзбекистон жазони ижро этиш муассасаларида 2589 нафар аёл жазо ўтамоқда, улардан 1239 нафари ўрта маълумотга эга, бироқ касб-ҳунари йўқ. Уларнинг 443 нафари олий ўқув юртларида ўқиш истагини билдирган. Уларни ижтимоий реабилитация қилиш учун «Янги ҳаёт» дастури ишга туширилади. Улар 3−6 ой касб дастурларида ўқитилиб, сертификат олади.

Маросимда турли сабабларга кўра билиб-билмай жиноятга қўл урган аёллар ҳам шу юртнинг фуқаролари экани таъкидланди. Уларни ижтимоий ҳаётга қайтариш, жамиятнинг тўлақонли аъзосига айлантириш тўғрисида ҳам жиддий ўйлаш кераклиги қайд этилди.

Контракт асосида ўқишга қабул қилинганларга жазони ўтаб, ишга жойлашгандан кейин қайтариш шарти билан фоизсиз ссуда ажратилади.