Тошкент шаҳрида вояга етмаган бола машина бошқариб, ЙПХ ходимларидан қочди. Жараёнда йўлнинг қарама қарши тарафида ҳаракатланиб, Cobalt’га урилди. ЙҲХХ улар ушланганини маълум қилди.
Таъкидланишича, 1 март куни соат 01:10 да Чилонзор туманида ўтказилган рейд давомида давлат рақам белгиси бўлмаган Lacetti катта тезликда ҳаракатланаётгани аниқланган.
Йўл-патруль хизмати ходимларининг тўхташ ҳақидаги қонуний талабларига ҳайдовчи бўйсунмаган. Аксинча, у тезликни ошириб, ҳаракатни давом эттирган, йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдириб, Кичик ҳалқа автомобиль йўли ва Дўмбиробод кўчаси бўйлаб яширинишга уринган.
Ҳайдовчи ҳаракат давомида бошқа автомобиль билан тўқнашиб, ЙТҲ жойини тарк этган ва ҳаракатни давом эттирган. Кўрилган чоралар натижасида автомашина Юнусобод тумани Боғишамол кўчасида тўхтатилган.
Автомобиль салонида икки нафар вояга етмаган ва бир нафар вояга етган фуқаро бўлган. Ҳайдовчи 2009 йилда туғилган ўсмир бўлиб чиқди.
Маълум бўлишича, у отасига тегишли бўлган автомобилни рухсатсиз олган.
Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилган. Тўпланган ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилиш учун Юнусобод туман прокуратурасига юборилди.
Эслатиб ўтамиз,
Тошкентда ўсмир бошқарувидаги BMW М4 автомобили уриб юбориши оқибатида ЙҲХБ йўл-патруль хизмати инспектори Хосилбек Эшназаров ҳалок бўлганди.
Gazeta хабар қилганидек, BMW М4 рулида 16 ёшли мактаб ўқувчиси бўлган. У автомобилни олиб қочиш ва қасддан баданга оғир шикаст етказишда гумонланмоқда.