• Вс. Апр 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Анқарада ўзбекистонлик талаба ва муҳожирлар учун ифторлик ташкил этилди — репортаж


6 март куни Туркиянинг Анқара шаҳрида ўзбекистонлик ватандошлар, жумладан, талабалар ва меҳнат муҳожирлари учун ифтор дастури ташкил этилди. Тадбирда қатнашган Gazeta мухбири жараёндан репортаж тайёрлади.

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон ҳукумати ташаббуси билан Рамазон ойида хориждаги ватандошлар учун ифторликлар ташкил этилмоқда. Тадбирлар 10 та давлатнинг 50 та шаҳрини қамраб олган ва улар орасида Анқара ҳам бор.

«Мақсад — хориждаги фуқароларни қўллаб-қувватлаш, айниқса, меҳнат мигрантлари ва талабаларга эътибор қаратиш», — деб таъкидлаганди мамлакат ТИВ.

Тартибли, илиқ ва бироз расмий муҳит

Туркия пойтахтидаги ифторлик дастури ташкилий томондан тартибли эди: 180 кишининг рўйхати шакллантирилган, ҳамманинг ўз столи олдиндан белгиланган, киришда кутиб олаётган ташкилотчилар эса келганларни ўз жойига йўналтирарди.

анқара, ифторлик

анқара, ифторлик

Ифторликка чақирилганларнинг асосий қисми Туркияда ишлаётган фуқаролар эди, уларга элчихона вакиллари алоқага чиққан. Талабаларнинг эса деярли ҳаммаси бир-бирини танийди ёки олдин бир даврада бўлган: даъват этилганларнинг катта қисми Анқарадаги олийгоҳларда Türkiye Bursları (Туркия грантлари) асосида ўқиётганлар эди ва улар билан бундай тадбирлар тез-тез ташкил қилинади.

анқара, ифторлик

анқара, ифторлик

анқара, ифторлик

Элчихона вакилларидан ташқари, тадбирда Фарғона шаҳри бош имом-хатиби Жўрабек Раҳмонов ҳам қатнашди.

Нутқи давомида у шукроналик ҳисси, хорижда юрганда номақбул хатти-ҳаракатлардан тийилиш, ватанга муносиб бўлиш кабилардан сўз очди, шунингдек, диний саволлар ёки маслаҳатлар мавзусида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси билан алоқа ўрнатиш мумкинлигини таъкидлади.

Вақтинча консуллик рўйхати

Ифторликка келган меҳнат муҳожирларига Ўзбекистон фуқаролари учун консуллик ҳисобига туриш муҳим экани эслатилган варақлар тарқатилди. Унда ёзилган маълумотларга кўра, бу орқали элчихона фуқаролар билан тезкор алоқада бўлиши ва ёрдам кўрсатиши мумкин.

Жумладан:

  • фавқулодда ҳолатларда элчихона билан тезкор алоқа;
  • консуллик хизматларидан фойдаланиш осонлашиши;
  • муҳим эълон ва янгиликлардан хабардор бўлиш;
  • зарур ҳолларда маслаҳат ва ёрдам олиш имконияти бўлиши қайд этилганди.

Рўйхатдан ўтиш қулай бўлиб, варақдаги QR кодни сканер қилиш, сўнгра шахсий маълумотларни киритиб, ариза юбориш етарли.

Маълумот учун, хорижга хизмат сафарига, ўқишга, узоқ вақт даволанишга, ишга ва ўз оиласи билан бирлашиш учун олти ойдан ортиқ муддатга чиқиб кетган ва Ўзбекистонда доимий рўйхатда турган фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ёки консуллик ваколатхоналарида вақтинча консуллик рўйхатига олинади. У билан батафсил мана бу ерда танишиш мумкин.

«Ҳужжат асосида ишлаганларга яхши шароитлар бор»

Фарғоналик Дилфуза Сиддиқова Туркияда 10 йилдан буён бола парвариши билан шуғулланади. У элчихона ташкил қиладиган тадбирларда қатнашиб туришини билдирди.

Дилфуза Сиддиқова (ўнгдан биринчи).Дилфуза Сиддиқова (ўнгдан биринчи).

«Туркияга келганимга 10 йил бўлди. Ҳозир қийинчилик йўқ. Аммо бошида бўлганди: тил билмасдан бироз қийналганман. Ҳаммасини ўргандик секин-секин. Ҳозир қонуний, ҳужжат асосида ишлаганларга роса яхши шароитлар бор. Бу ерда оилам билан яшамайман, қизим Москвада ўқияпти, ўғлим эса Ўзбекистонда. Ҳар йили бориб келиб тураман Ўзбекистонга», — дея чет элдаги ҳаёти ҳақида бироз гапириб ўтди аёл.

«Президентларга мингдан минг раҳмат. Бу ерда ҳужжат асосида ишлаяпман, бола боқаман. Ўзим аслида болалар ҳамширасиман… Элчихонамиз байрамларда, масалан, Мустақиллик кунида чақиришади, Наврўзларда сумалаклар бўляпти. Ёки мана бугунги каби ифторликлар бўляпти, ҳаммасида қатнашяпмиз», — дейди Сиддиқова.

анқара, ифторлик

анқара, ифторлик

Шерқўзи Бобомуродов эса Сурхондарё вилоятидан. Унинг айтишича, Туркияда Renaissance Construction корхонасида олти ойдан бери такси ишлари билан шуғулланмоқда.

«Консулликдаги вакиллар биздан доимий хабар олиб турибди. Ўтган сафар бир байрам бўлганди, ўшанда ҳам хабар олган. Бу сафар ҳам Ўзбекистон тарафи ифтор қилиб беряпти деб айтишди, ўшанга келдик. Шунчалик ташкиллаштирилганининг ўзи катта гап. Бунинг учун раҳмат айтилиши керак. Бизни излаб, ҳурмат қилиб чақиришди», — дейди у.

Самарқандлик Зилола Эшмуродова эса Туркияга яқинда келган.

«Бир йил олдин ҳам ишлаб кетган эдим. Бу ерда болаларга, ёши катта аёлларга қараймиз, шунақа ишлар қиламиз. Биринчи марта келган пайтим туркча билмасдим. Худога шукур, миллатлари яхши, одамлари яхши. Асабий эмас, қандай бўлса, шундай тушунтириб, ёрдам қилиб, тилни ҳам шундай ўрганиб кетдик. Қийналмаяпмиз, ўзбекистонликлар, Ўзбекистон элчихонаси қўллаб-қувватлаб турибди. Ҳар доим алоқадамиз, ҳатто Ўзбекистондагидек ҳис қиляпмиз. Лекин ватанимизни соғинамиз, кўргимиз келади. Ёлғизнинг ёри Худо дегандай, Худо деб чиққанмиз йўлга, насиб бўлса, соғ-саломат уйимизга, оиламиз бағрига қайтамиз», — деди аёл.

У ҳам ифторга консуллик чақириғи орқали келганини айтиб, миннатдорлик билдирди: «Ўзбекистонимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин. Яна мана шундай байрамларда ўтириш ҳаммамизга насиб қилсин».

Эслатиб ўтамиз, бу каби ифторлик дастурлари Туркиянинг Карабук шаҳрида ҳам ташкил қилинди. Истанбулда эса бугун ўтиши режалаштирилган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *