Фарғона вилояти Фарғона тумани солиқ инспекциясининг бош инспектори пора олаётган вақтида қўлга олинди. Бу ҳақда ДХХ хабар қилди.

Тезкор тадбир Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар вазирлигининг Наманган вилояти бўйича бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилди.

Аниқланишича, у юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Фарғона тумани ҳокимлиги захирасида бўлган, қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган 10 гектар ер майдонини Наманганда яшовчи тадбиркорга келгусида сайёҳлик маскани ташкил этиш учун ажратиб беришни ваъда қилган. Бунинг эвазига 95 минг АҚШ доллари, шунингдек ер майдонининг тоифасини ўзгартириб бериш учун яна 6 минг АҚШ доллари, жами 101 минг доллар талаб қилган.

Тезкор тадбир давомида у олдиндан 20 минг АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолат юзасидан Наманган вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда фирибгарлик) ҳамда 28, 211-моддаси 2-қисми «а» банди (Пора беришда иштирок) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.