• Вс. Апр 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Транспорт вазирлиги туроператорлар ва агентларни Яқин Шарқдаги мижозларини ташлаб қўймасликка ва шартномага амал қилишга чақирди


Ўзбекистон Транспорт вазирлиги Яқин Шарқда ўз мижозларини ўз ҳолига ташлаб қўяётган туроператор ва турагентларни шартномага амал қилишга чақирди.

Вазирлик маълумотига кўра, Яқин Шарқ мамлакатларида қолиб кетган фуқароларнинг қарийб 95 фоизи ушбу ҳудудга турпакетлар асосида сафар қилган.

Вазирлик айрим туроператорлар ва агентлар ўз мижозларини ташлаб кетгани, улар билан алоқани узгани ёки форс-мажор ҳолатда зарур тезкор маълумот бермагани ҳақида ҳолатлар кузатилаётганини қайд этди. Айрим ҳолларда эса ижтимоий тармоқларда видеолар тарқатиш орқали вазиятни манипуляция қилишга уринишлар ҳам бўлган.

Таъкидланишича, турпакетлар таркибига одатда меҳмонхона, авиақатнов, трансфер ҳамда суғурта полисларини ўз ичига олади. Суғурта шартларига кўра, форс-мажор ҳолатларида йўловчиларнинг меҳмонхона, транспорт ва эвакуация билан боғлиқ харажатлари қопланиши керак. Бунинг учун туроператорлар ва агентлар жараённи тизимли ташкил этиши зарур.

Шу муносабат билан Транспорт вазирлиги барча туроператорлар ва агентларни юзага келган форс-мажор шароитида ҳам истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлаш, мижозлар билан тузилган шартномаларга тўлиқ риоя қилиш ва улар билан доимий алоқада бўлиб, зарур ёрдам кўрсатишга чақирди.

Шунингдек, авиакомпаниялар билан тузилган амалдаги шартномалардан фойдаланиб, авиачипталарни мавжуд парвозлар амалга оширилаётган шаҳарлардаги рейсларга ўзгартириш орқали фуқароларни хавфсиз ҳудудларга олиб чиқишда ҳукумат билан ҳамкорлик қилиш сўралган.

Вазирлик резидент ва хорижий авиакомпанияларни ҳам халқаро авиаташув қоидалари ҳамда Ўзбекистон ва бошқа давлатлар ўртасида имзоланган битимлар шартларига амал қилишга чақирди.

Қайд этилишича, ҳозирда Қувайт, Қатар ва Баҳрайнга яқин бўлган Саудия Арабистонининг Даммам ва Риёз аэропортларидан барча халқаро йўналишларда мунтазам авиақатновлар чекловларсиз амалга оширилмоқда ва авиачипталар сотуви мавжуд.

Шунингдек, Жидда ва Мадина йўналишларида парвозлар одатдаги тартибда давом этмоқда. Вазирликка кўра, туроператорлар авиачипталарни мавжуд йўналишларга қайта расмийлаштириш орқали ишларни тизимли ташкил этиш имкониятига эга.

Айни пайтда фуқароларни олиб чиқиш ва авиаташувларни ташкил этиш ишлари давом этмоқда. Фуқаролардан эса эҳтиросларга берилмаслик ҳамда ўз туроператорлари ва агентлари билан доимий алоқада бўлиш сўралган.

Вазирлик маълумотига кўра, Яқин Шарқ минтақасида давом этаётган ҳарбий ҳаракатлар сабаб Баҳрайн, Қувайт, Сурия, Ироқ, Эрон, Қатар ва Исроил давлатлари ҳаво ҳудуди парвозлар учун ёпиқ бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистон фуқароларини Ватанга қайтариш ишлари давом этмоқда.

28 февралдан 7 март куни соат 10:00 ҳолатига кўра, Мадина ва Жидда аэропортларидан 63 та парвоз амалга оширилиб, 13 543 нафар фуқаро олиб келинди. Дубайдан эса 9 та рейс орқали 1401 нафар йўловчи Ўзбекистонга етказилди.

Хорижий авиакомпаниялар ҳам айрим йўналишларда парвозларни бажармоқда. Жумладан, Fly Nas Жидда — Тошкент ва Жидда — Наманган йўналишлари бўйича 5 та, Fly Dubai эса Дубай — Тошкент йўналишида 3 та рейсни амалга оширди. Ушбу парвозлар орқали жами 1365 нафар йўловчи ташилган бўлиб, улардан 990 нафари Ўзбекистон фуқароларидир.

«Ўзавиация» агентлигида 24/7 режимда ишлайдиган штаб ҳамда колл-марказ (78 120−00−72; 71 200−07−65), Ташқи ишлар вазирлигида эса 24/7 режимдаги колл-марказ (97 136−51−51) фаолият юритмоқда.

Шунингдек, ҳозирда Қатар ҳудудида қолган фуқароларни Саудия Арабистонининг Риёз аэропорти орқали олиб чиқиш бўйича ташкилий ишлар олиб борилмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *