• Вс. Апр 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ангренда 8 ёшли бола итлар тишлаши оқибатида ҳалок бўлди


Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида саккиз ёшли бола дайди итлар ташлаши оқибатида вафот этди. Бу ҳақда «Миллар» информацион дастурида маълум қилди.

Марҳум бола онаси билан Ангрен шаҳридаги маҳаллаларнинг бирида ижарада яшаб келган.

Воқеа содир бўлган маҳаллада яшовчи аёлнинг сўзларига кўра, бола мактабдан қайтаётганда дайди итлар талаб кетган. Анча вақтдан бери одамларда шундай итлардан қўрқиб келган. Болалар мактабдан қайтаётганда итлар уларга ташланиши кузатилган.

Ангрен шаҳар Истиқлол маҳалла фуқаролар йиғини раисининг айтишича, оила мазкур маҳаллада вақтинча яшаб келган. Асли Бекобод туманидан бўлган.

«Ўзим Наманган шаҳрида ўқишда эдим. Болани ит тишлагани ҳақида хабар топиб, дарҳол йўлга чиқиб, етиб келдим. Шу пайтгача фуқаролардан мурожаатлар келиб тушган. Биз уларни бартараф этиш чораларини кўрганмиз. Бу ҳолат бошқа такрорланмаслигининг олдини олиш мақсадида ҳолат шаҳар ҳокими ва барча масъуллар томонидан жиддий назоратга олинган. Ушбу боланинг оила аъзоларига ҳамдардлигимизни билдирамиз», — дейди маҳалла раиси.

Тошкент вилояти ҳокимлиги маълум қилишича, ҳодиса юзасидан тегишли ташкилотлар томонидан тезкор чора-тадбирлар ва ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Айни пайтда шаҳар ва вилоят ҳудудида дайди ҳайвонларни назорат қилиш, уларни тутиш ҳамда белгиланган махсус жойларда сақлаш ишлари кучайтирилган.

Ҳокимлик ўқувчи болани талаган ит ҳам Ангрен шаҳар ободонлаштириш бўлими дайди ҳайвонларни тутиш гуруҳи томонидан тутилгани ва акт тузилиб, махсус сақлаш жойига олиб борилганини билдирди.

Шунингдек, куни кеча вилоят ҳокимлиги масъуллари иштирокидаги шошилинч муҳокамада мутасадди ташкилотлар — ободонлаштириш хизмати, ветеринария бўлими, санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати ҳамда бошқа масъул идораларга тезкор чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича топшириқлар берилган.

«Хусусан, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, дайди ҳайвонларни тутиш ва зарарсизлантириш, келгусида бу каби ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Мазкур масала алоҳида назоратга олинган бўлиб, жамоатчилик хавфсизлигини таъминлаш борасида барча зарур чоралар кўрилади», — дейилади ҳокимлик хабарида.

Январь ойида Янгийўлда ҳам ит 11 ёшли болага ҳужум қилганди. Бола юз, бош, оёқ ва қўлларидан жиддий жароҳат олган. Gazeta дайди итларни зарарсизлантириш бўйича ҳайвонлар ҳимоячиси Асия Абузярова билан суҳбатлашганди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *