АҚШ ва Исроил томонидан Эронга қарши очилган уруш кучайиб бораётган бир пайтда жаҳондаги энг муҳим транспорт бўғини – Ҳўрмуз бўғози геосиёсий кураш майдонига айланди.
Эрон ҳозирча расман Ҳўрмуз бўғозини ёпгани йўқ, аммо уруш шароитида кемалар қатнови тўхтаб қолган.
Экспертлар фикрича, Ҳўрмуз бўғозининг ёпилиши, умуман, Эронга қарши уруш сабаб нефть ва газ таъминотидаги узилишлардан энг кўп Россия манфаатдор бўлади. Иқтисодий жиҳатдан энг кўп зарарни эса Хитой кўради.
“Хитойнинг нефтга бўлган эҳтиёжи муҳим етказиб берувчи сифатида Россияга боғлиқ бўлиб қолади, чунки Эрон ҳам, Венесуэла ҳам бу талабни қондира олмаётир”, – дейди Атлантика кенгаши ҳузуридаги Глобал энергетика маркази катта илмий ходими Андрей Коватариу.
Европа давлатлари Украина босқини сабаб Россия газидан босқичма-босқич воз кечмоқда. Бироқ Эрон уруши ортидан Европа Россиядан яна катта миқдорда газ олишга мажбур бўлиши мумкин.
“Айни пайтда Европа Иттифоқининг айрим мамлакатлари Россия газидан воз кечиш тартибини вақтинча тўхтатиш ёки истиснолар жорий этишни таклиф этмоқда. Негаки, Европа ўз стратегик захирасини тўлдириш учун табиий хомашёга муҳтож”, – дейди Андрей Коватариу.
Ҳозирда Москва Пекинга нефтни чегирма билан сотмоқда. Қайд этилишича, юзага келган вазиятдан фойдаланиб, Россия чегирмаларни сақлаб қолган ҳолда, Хитойга нефть орқали сиёсий таъсир кўрсатишга уриниши мумкин.
Ҳўрмуз бўғози жаҳон энергетика таъминотида муҳим ўрин тутади. Глобал миқёсда нефтнинг 20 фоизи, суюлтирилган газнинг 30 фоизи бўғоз орқали ўтади.
Ҳўрмуз бўғози орқали нафақат “қора олтин” ва “мовий ёнилғи”, шунингдек, электроника ва маиший истеъмол моллари ҳам экспорт қилинади. Бўғоз блокадаси дунё бўйлаб саноатнинг издан чиқиши, инфляциянинг ошишига ҳам сабаб бўлади.
Вазиятнинг қалтислигини англаган Хитой Эрондан Ҳўрмуз бўғози орқали амалга ошириладиган энергия етказиб бериш занжирига дахл қилмасликни талаб қилмоқда.
“Пекин одатда Яқин Шарқ можароларида эҳтиёткор позиция тутиб, сиёсий мулоқот зарурлигини таъкидлар эди. Бироқ ҳозирги вазиятда асосий урғу иқтисодий хатарларга қаратилмоқда. Дунёдаги энг йирик энергия импортчиси бўлган Хитой учун Форс кўрфазидаги ҳар қандай узилиш унинг миллий манфаатларига бевосита зарба беради. (Хитой Халқ Республикаси ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили) Линь Цзяннинг баёноти Пекиннинг глобал таъминот занжирлари барқарорлигини ҳимоя қилиш йўлидаги энг кескин ва очиқ сигналларидан бири бўлди. Хитойнинг бу чиқиши унинг Эрон билан яқин ҳамкорлигига қарамай, минтақавий урушдан манфаатдор эмаслигини кўрсатади. Пекин учун энергия хавфсизлиги ҳар қандай геосиёсий иттифоқдан устун туради. Ҳўрмуз бўғозининг ёпилиши Хитой иқтисодиёти учун “энергетик бўғилиш”ни англатиши мумкин, шу сабабли Пекин энди нафақат кузатувчи, балки жараённи тўхтатишга уринаётган фаол иштирокчи сифатида намоён бўлмоқда”, – деб ёзади таҳлилчи Ғайратхўжа Ғаффорхўжа ўғли.
“Вашинтон Эронга зарб бериш орқали Хитойнинг “Бир камар, бир йўл” лойиҳасини ҳам тугатишга уринмоқда. Бу савдо йўли Хитойни Эрон ва Туркия орқали асосий экспортчиси Европа билан боғлаши керак эди. Эронсиз бу лойиҳа шунчаки амалга ошмайди. Ҳозир биз янги – АҚШ-Хитой совуқ уруши даврида яшамоқдамиз”, – дейди таҳлилчи Муҳаммадқодир Собиров.
Бироқ Эрон уруши Хитойга геосиёсий жиҳатдан янги имкониятлар тақдим этади деган қараш ҳам мавжуд.
Сир эмас, Иккинчи жаҳон урушида Европа ва Осиёдаги давлатлар бир-бирини ҳолдан тойдирган пайтда АҚШ куч йиғиб, урушга анча кеч кирган ва пировардида мутлақ ғолиб бўлган, боз устига, янги халқаро тартибнинг асосий меъморига айланган эди.
“Бугун Хитойга қараб, менда ўша тарихий манзара эсга тушади. Россия Ғарб билан тўқнашувда, Европа хавфсизлик инқирози ичида, Яқин Шарқ эса яна олов ичида. Катта кучлар ресурс, эътибор ва сиёсий иродасини можароларда сарфлаётган бир пайтда, Пекин нисбатан четда туриб, саноат, технология ва савдо қудратини йиғишда давом этмоқда.
Бу Хитой мутлақо четда турибди дегани эмас. Лекин стратегик манзара шуни кўрсатмоқдаки, бошқалар уруш харажатини тўлаётган пайтда Хитой вақтнинг ўзига ишлашини кутяпти. Баъзи давлатлар фронтда ютқазади, баъзилари эса фронтга шошилмагани учун ютади.
XXI асрнинг энг муҳим геосиёсий саволларидан бири шу: Хитой ҳам АҚШ каби тарихий лаҳзани кутяптими? Яъни бошқалар заифлашгунча шошмаслик, сўнг эса янги тартибда энг кучли позициядан ўрин эгаллаш стратегиясини танлаяптими? Агар шундай бўлса, демак, Пекиннинг энг катта қуроли ҳозирча ракета эмас, вақт ва сабр”, – деб хулоса қилади сиёсатшунос Отабек Акромов.