Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида ҳоким ёрдамчиси пора олаётганда қўлга олинди, дея хабар қилди ДХХ.

Тезкор тадбирлар Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказилди.

Аниқланишича, туман ҳокимининг тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича маҳалла фуқаролар йиғинларидан биридаги ёрдамчиси тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган фуқарога кўп қаватли уй биринчи қаватидаги турар жойни нотурар жой тоифасига ўтказиш учун рухсат олиб беришни ваъда қилган. Бунинг эвазига у 5 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Тезкор тадбир давомида у ушбу маблағни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Терговга қадар текширув жараёнида фуқарога ёрдам кўрсатиш учун Яшнобод туман ҳокимияти бўлинма раҳбари ҳам жалб қилингани аниқланган. Тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу мансабдор шахс ҳам 600 АҚШ долларини олаётган вақтида қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан уларга нисбатан Жиноят кодексининг 168 ҳамда 28, 211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.