Январь ойида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 1,3 млрд долларга ёки 29,2 фоизга ошиб, 5,8 млрд долларни ташкил этди. Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси январь ойи учун ташқи савдо айланмаси шарҳини эълон қилди.
Январда экспорт ҳажми 1,69 млрд долларга (2025 йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш — 26,7 фоиз), импорт ҳажми 4,14 млрд долларга (+30,3 фоиз) етди. Ташқи савдо балансида 2,44 млрд доллар миқдорида манфий сальдо қайд этилди. Январда олтин экспорти амалга оширилмагани (2025 йилнинг январида 44,3 млн долларлик олтин экспорт қилинган) ҳисобига ташқи савдо салбий салдоси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан сезиларли юқори (604,8 млн доллар) шаклланди. Айни пайтда олтинсиз экспорт 31,1 фоизга ўсди.
Аввалроқ ёзганимиздек, Ўзбекистон олтин экспортини ўтган йилнинг октябрида тўхтатган эди. Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг ёзишича, бу «йиллик режанинг бажариб бўлингани билан изоҳланиши мумкин». Январь ойида эса, мутахассиснинг кузатувларига кўра, одатда олтин экспорти амалга оширилмайди. Шунингдек, ноаниқликларнинг ортиши фонида олтин нархи ўсиши бўйича кутилмаларнинг яхшиланиши ҳам қисқа муддатда олтин экспортини тўхтатиб туришга сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Январда Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг юқори улуши Хитой (27,9 фоиз), Россия Федерацияси (18,7 фоиз), Қозоғистон (7,1 фоиз), Туркия (3,6 фоиз) ва Афғонистон (2,4 фоиз) ҳиссасига тўғри келди. Айни пайтда, Хитой, Франция, Беларусь, Тожикистон, Туркманистон, Австрия билан ташқи савдо айланмаси ҳажми энг юқори суръатда ўсди. Португалия билан савдо айланмаси ҳажми қарийб 24 баробар ошди. АҚШ, Германия, Ҳиндистон, Афғонистон билан савдо айланмаси ҳажми сезиларли камайган.
|
Асосий ҳамкор давлатлар |
Савдо айланмаси ҳажми, млн доллар |
ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш |
ташқи савдо айланмасидаги улуши |
|
|
2025 |
2026 |
|||
|
Хитой |
993,4 |
1624,3 |
63,5% |
27,9% |
|
Россия |
797,8 |
1091,0 |
36,8% |
18,7% |
|
Қозоғистон |
314,1 |
414,1 |
31,8% |
7,1% |
|
Туркия |
214,3 |
207,4 |
-3,2% |
3,6% |
|
Жанубий Корея |
98,6 |
126,8 |
28,6% |
2,2% |
|
Афғонистон |
153,5 |
139,6 |
-9,1% |
2,4% |
|
Франция |
84,8 |
123,6 |
45,8% |
2,1% |
|
Ҳиндистон |
99,0 |
86,8 |
-12,3% |
1,5% |
|
Германия |
132,1 |
106,9 |
-19,1% |
1,8% |
|
БАА |
88,7 |
94,3 |
6,3% |
1,6% |
|
Туркманистон |
64,0 |
96,6 |
50,9% |
1,7% |
|
АҚШ |
55,0 |
9,3 |
-83,1% |
0,2% |
|
Беларусь |
50,7 |
83,5 |
64,7% |
1,4% |
|
Қирғизистон |
49,0 |
64,8 |
32,2% |
1,1% |
|
Тожикистон |
35,2 |
63,9 |
81,5% |
1,1% |
|
Португалия |
2,0 |
47,0 |
2250,0% |
0,8% |
|
Эрон |
32,9 |
40,0 |
21,6% |
0,7% |
|
Италия |
37,7 |
40,0 |
6,1% |
0,7% |
|
Австрия |
23,6 |
39,5 |
67,4% |
0,7% |
|
Украина |
31,0 |
35,4 |
14,2% |
0,6% |
Январда экспортнинг энг йирик улуши Россия (19,2 фоиз), Хитой (10,5 фоиз), Афғонистон (8,1 фоиз), Франция (6,1 фоиз), Туркия (5,0 фоиз), Қозоғистон (4,8 фоиз), Қирғизистон (2,7 фоиз), Тожикистон (2,7 фоиз) ва БАА (2,4 фоиз) ҳиссасига тўғри келди. Уларнинг умумий экспортдаги улуши 60,0 фоиздан ортиқни ташкил этди.
Асосий ҳамкорлардан Хитойга ойлик экспорт 2 карра ўсди, шунингдек, Қирғизистон (87,7 фоиз), Тожикистон (51,2 фоиз), Франция (46,2 фоиз), Афғонистонга (31,2 фоиз) экспорт ҳажмининг юқори ўсиши кузатилди. Туркия (-7,8 фоиз) ва БАА га ойлик экспорт ҳажми (-33,4 фоиз) қисқарди.

Январда экспорт таркибида товарлар улуши 56,2 фоизни ташкил этиб, жумладан, саноат товарлари (18,1 фоиз), озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар (10 фоиз), кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар (10 фоиз) ва ҳар хил тайёр маҳсулотлар ҳиссаси юқори (7,1 фоиз) бўлди. Хизматлар (+44,1 фоиз), турли тайёр буюмлар (+44,8 фоиз), кимёвий маҳсулотлар (+26,5 фоиз, ичимликлар ва тамаки (+28,1 фоиз) экспорти энг тез ўсди. Машиналар ва транспорт асбоб ускуналари экспорти ўсиши сезиларли секинлашди.

Январда 106,8 минг тонна мева ва сабзавотлар экспорти амалга оширилиб, 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 13,6 фоиз ёки 12,8 минг тоннага ошди. Мева ва сабзавотлар экспортининг умумий қиймати 99,4 млн долларини ташкил этди. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 21,6 фоизга кўп. Мева-сабзавотлар экспортининг жами экспортдаги улуши 5,9 фоизни ташкил этди.
Ҳисобот даврида 216,5 млн долларлик тўқимачилик маҳсулотлари экспорти амалга оширилиб, умумий экспортнинг 12,8 фоизини ташкил этди (2025 йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш — 9,0 фоиз). Экспорт қилинган тўқимачилик маҳсулотлари таркибида тайёр тўқимачилик маҳсулотлари (51,4 фоиз), ип калава (31,3 фоиз) асосий улушни эгаллади.
Январда энергия ресурслари экспорти 59,5 млн долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 19,3 фоизга қисқарди (2025 йилнинг январида бу кўрсаткич 29,8 фоизга ошган эди). Газ экспорти амалга оширилмади. Газ экспорти ҳажми ўтган йилнинг декабрида 4,7 млн долларгача қисқарганди (ноябрда 55,9 млн доллар).
Хизматлар экспорти ҳажми январда 742,1 млн долларни ташкил этди. Жами экспортнинг 43,8 фоизи хизматлар ҳиссасига тўғри келди (2025 йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш — 44,1 фоиз). Хизматлар экспорти таркибида асосий улуш сафарлар (47,9 фоиз), транспорт (35,9 фоиз), телекоммуникация, компьютер ва ахборот (10,9 фоиз) ва бошқа тадбиркорлик билан боғлиқ хизматлар (1,9 фоиз) ҳиссасига тўғри келди.
2026 йилнинг дастлабки ойида импорт ҳажми 4,14 млн долларга етди. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 30,3 фоизга кўп. Импорт таркибида энг катта улуш машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари (35,9 фоиз), саноат товарлари (13,9 фоиз) ҳамда кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар (11,8 фоиз) ҳиссасига тўғри келди.
Январда энергия ресурслари ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари импортида кескин ўсиш кузатилди. 2025 йилнинг январида 209,1 млн долларлик энергия ресурслари импорт қилинган бўлса, 2026 йилнинг январида бу кўрсаткиз 406,1 млн долларгача ошди (+94,2 фоиз). Шу жумладан, газ импорти ўтган йилнинг мос даврига (27,8 млн доллар) нисбатан қарийб етти бараварга ошиб, 167,6 млн долларга етди.

2026 йил январида импорт бўйича асосий ҳамкор давлатлар Хитой (35,0 фоиз), Россия (18,5 фоиз), Қозоғистон (8,0 фоиз), Жанубий Корея (3,0 фоиз), Туркия (3,0 фоиз), Германия (2,3 фоиз) ва Туркманистон (2,0 фоиз) ҳиссасига жами импортнинг 70 фоиздан ортиғи тўғри келди.
Асосий ҳамкор давлатлардан Хитой (60 фоиз), Россия (44 фоиз), Қозоғистон (38 фоиз), Жанубий Корея (29 фоиз), АҚШ (55 фоиз), Беларусь (72 фоиз), Туркманистонга (33 фоиз) импорт ҳажми энг юқори суръатда ўсди. Германия (-40 фоиз) ва Ҳиндистонга (-6 фоиз) импорт қисқарди.

Январда хизматлар импорти ҳажми 443,0 млн долларни ёки жами импорт ҳажмининг 10,7 фоизини ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 26,3 фоизга юқори. Хизматлар импорти таркибида асосий улуш сафарлар (56,2 фоиз), транспорт хизматлари (18,7 фоиз), телекоммуникация, компьютер ва ахборот хизматлари (10,2 фоиз) ва бошқа тадбиркорлик билан боғлиқ хизматлар (8,7 фоиз) ҳиссасига тўғри келди.
