• Вс. Апр 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Қизлар имкониятларини кенгайтириш уларни ҳимоя қилишдан бошланади. ЮНИСЕФ ваколатхонаси раҳбари колонкаси


БМТ Болалар жамғармасининг (ЮНИСЕФ) Ўзбекистондаги вакили Реҳина Мария Кастижионинг Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган колонкаси.

Бутун дунёда Халқаро хотин-қизлар куни қизлар ва аёлларнинг ютуқларини нишонлаш — уларга бўлган муҳим ва самимий ҳурмат, меҳр ҳамда миннатдорчиликни ифода этиш мақсадида ташкил этилади. Бироқ бу айни пайтда мураккаб бир саволни ўртага ташлаш фурсати ҳамдир: жамиятларимиз йилнинг қолган барча кунларида қизлар ва аёлларга аслида қандай муносабатда бўлмоқда?

ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари сифатидаги фаолиятим давомида мен қизлар ва аёлларга бағишланган тантанали тадбирлар ҳақиқатан ҳам уларни ҳимоя қилиш ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган сиёсий ирода, сиёсий қарорлар ва аниқ амалий ҳаракатлар билан мустаҳкамланаётганига гувоҳ бўлдим. Бу йил мен ушбу мақолани яна бир муҳим фармон кучга кирганидан беш кун ўтиб ёзяпман — бу содиқлик реал ҳаракатларга айланганда тараққиётга эришиш мумкинлиги ҳақидаги эслатмадир.

3 март куни президент «Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш, шунингдек, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолади. ЮНИСЕФ Ўзбекистон ҳукуматининг ушбу президент фармонида ўз аксини топган қизлар ва аёлларни янада яхшироқ ҳимоя қилиш борасидаги қатъий интилишини олқишлайди.

Бу жуда муҳим, чунки қизлар ва аёлларни ҳимоя қилиш иккинчи даражали масала эмас, балки миллий тараққиётнинг марказида турувчи омилдир. Аёллар зўравонлик шароитида яшаса, қизлар эрта никоҳга мажбурланса ёки ўсмир ёшидаги ҳомиладорлик таълим ва имкониятларга чек қўйса, ҳеч бир мамлакат тўлақонли гуллаб-яшнай олмайди.

ЮНИСЕФнинг мурожаати оддий: қизларнинг имкониятларини кенгайтириш уларни ҳимоя қилишдан бошланади.

Ўзини хавфсиз ҳис қилган қизнинг мактабда ўқишни давом эттириши, соғлиғини сақлаши ҳамда катта ҳаётда керак бўладиган билим ва ишончга эга бўлиши эҳтимоли юқорироқдир. Қўрқув ва камситилишларсиз ёрдам ололадиган ёш аёл таълим олиши, жамият ҳаётида фаол қатнашиши ҳамда ўз оиласи, маҳалласи ва юрти фаровонлигига ҳисса қўшиши осонроқ кечади.

Айнан шунинг учун ҳам ушбу фармон ғоят аҳамиятлидир. Профилактика, яқин ҳамкорлик ва қўллаб-қувватлаш тизимларини яхшилашга қаратилган эътибор муҳим бир ҳақиқатни акс эттиради: зўравонлик, мажбурлаш ва зарарли одатлар — бу шахсий масала эмас. Булар бутун умрлик оқибатларга эга бўлган ижтимоий муаммолардир. Улар салоҳиятни чеклайди, тенгсизликни чуқурлаштиради ва жамиятни заифлаштиради.

Бу, айниқса, фармонда тилга олинган ўсмирлар ҳомиладорлиги масаласи ва унинг оқибатлари кўриб чиқилганда яққол намоён бўлади. Ўсмир ёшидаги ҳомиладорлик қиз боланинг таълим йўлини издан чиқариши, унинг танлов имкониятларини чеклаши ҳамда ҳам она, ҳам бола саломатлиги учун хавфларни ошириши мумкин. Жуда кўп ҳолларда бу ҳолат эрта никоҳлар, тенг бўлмаган кучлар мувозанати, маълумот олиш имкониятининг чеклангани ва қўллаб-қувватлаш тизимларининг заифлиги билан боғлиқ бўлади.

Ўсмирлар ҳомиладорлигининг олдини олиш, шунингдек, ҳомиладор бўлиб қолган қизларнинг ҳимоя қилиниши, қўллаб-қувватланиши ва ўқишини давом эттиришини таъминлаш — қизлар имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ҳар қандай саъй-ҳаракатларнинг ажралмас қисми бўлиши керак.

Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг барча шакллари тарқалганлиги ҳақидаги тўлиқ маълумотлар ҳозирча етарли эмас. Бироқ тўлиқ статистиканинг йўқлиги амалий ҳаракатларга тўсқинлик қилмаслиги керак. Бу ҳолат профилактика, аниқлаш ва чора кўриш тизимларини янада кучайтириш зарурлигини эслатиб туради.

Глобал маълумотлар ҳам хотиржамликка берилмаслик кераклигини кўрсатмоқда.

ЮНИСЕФ ҳисоб-китобларига кўра, дунё бўйлаб ҳар тўртта боладан бири — тахминан 610 миллион нафари — охирги бир йил ичида ўз шериги томонидан зўравонликка учраган оналар билан бирга яшайди. Шунингдек, ЮНИСЕФ маълумотлари ҳар йили 12 миллион қиз 18 ёшга тўлмасдан турмушга чиқарилишини кўрсатади. Ҳар бир рақам ортида хавфсизлиги, фаровонлиги ва келажаги таҳдид остида қолган бола тақдири ётибди.

Айнан шу сабабли ҳам ушбу президент фармонининг асл қиймати нафақат унда нима дейилганида, балки у қандай имкониятларни очиб беришидадир. Фармон миллий ёндашувни зарар етказилгандан кейин чора кўришдан, зарар етказилмасдан олдин унинг олдини олишга йўналтиришга ёрдам беради. Бу тўғри мақсад ва тўғри йўналишдир.

ЮНИСЕФ, шунингдек, фармонда оилани мустаҳкамлаш ва зўравонликдан холи оилавий ҳаётни тарғиб қилишга қаратилган эътиборни олқишлайди. Профилактика эрта бошланганда энг самарали бўлади: яъни ота-оналар ва васийлар қўллаб-қувватланганда, жамият хавфли белгиларни вақтида пайқаганда ҳамда ижтимоий меъёрлар ҳурмат, тенглик ва зўравонликка йўл қўймаслик тамойилларини мустаҳкамлаганда.

ЮНИСЕФ сифатида биз ушбу саъй-ҳаракатларга, жумладан, «Бахтли оила» дастурини ишлаб чиқиш ва жорий этишни қўллаб-қувватлаш орқали ўз ҳиссамизни қўшишни интизорлик билан кутамиз. Бу илмий асосланган ёндашувларни илгари суриш, жойлардаги мутахассислар салоҳиятини ошириш ҳамда зўравонлик, эрта никоҳ ва ўсмирлар ҳомиладорлиги хавфи юқори бўлган ҳудудлардаги ўсмирлар, ёш жуфтликлар, ота-оналар ва жамият вакилларини қамраб олиш учун муҳим имкониятдир.

Бироқ фақат қонунлар ва дастурларнинг ўзи кифоя эмас. Уларнинг ижро этилиши ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Тараққиёт тайёрланган мутахассисларга, жабрланганларга йўналтирилган хизматларга, барқарор молиялаштиришга ҳамда мамлакатнинг ҳар бир нуқтасида — Тошкентдан Термизгача, Фарғона водийсидан Қорақалпоғистонгача аёллар ва қизлар учун очиқ бўлган тизимларга боғлиқ. Шунингдек, у қизлар, аёллар ва ҳар куни оилалар билан бевосита ишлайдиган инсонларга қанчалик диққат билан қулоқ тутишимизга ҳам боғлиқдир.

Ушбу Халқаро хотин-қизлар кунида Ўзбекистон ва унинг олий даражадаги раҳбарияти хотин-қизларни ҳимоя қилиш йўлида жасоратли қадамлар ташламоқда. Дунё мураккаб даврларни бошдан кечираётган бир пайтда, мамлакат аёллар ва қизларнинг кучлироқ ҳимояси сари олдинга интилаётганини кўриш кишини руҳлантиради.

Чунки ҳар бир қиз хавфсизликда улғайишга лойиқ. Ҳар бир аёл зўравонлик ва камситилишларсиз яшашга ҳақли. Ва ҳар бир ўсмир қиз қўрқув, эрта никоҳ ёки ўсмирликдаги ҳомиладорлик билан эмас, балки умид ва имкониятлар билан белгиланадиган келажакка лойиқдир.

Аёллар ва қизлар ҳимояланганда, имкониятлари кенгайганда ва уларнинг овози эшитилганда — бундан ҳамма ютади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *