• Вс. Апр 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Феминизм ҳақида «уятли» саволлар. Аёллар нима учун курашяпти ва нега уларни ҳанузгача эшитишмайди?


Жамоатчилик муҳокамаларида феминизм жамиятимиз учун ёт ғоя бўлиб, анъанавий қадриятларга путур етказади ва аёлларни эркакларга қарши қўяди, деган фикрлар тез-тез янграб туради.

Gazeta энг кенг тарқалган стереотипларни йиғиб, уларни савол шаклига келтирди ҳамда зўравонликка қарши Nemolchi.uz лойиҳаси асосчиси Ирина Матвиенко ва унинг координатори Нигина Худойбергеновадан ушбу саволларга жавоб беришларини сўради.

— Феминизм — бу четдан кириб келган ҳодиса. Биз Европа бўлмасак, нега энди ўзимизга ёт («Европага хос») тушунчалар бўйича яшашимиз керак?

Ирина Матвиенко: Феминизмни фақатгина «Европага хос ҳодиса» деб аташ тўғри эмас. Турли минтақалар тарихи шуни кўрсатадики, аёллар замонавий феминистик ҳаракатлар пайдо бўлишидан анча аввал ҳам ижтимоий-сиёсий ҳаётда фаол роль ўйнаган. Марказий Осиё тарихида давлатга ва унинг қўшинига бошчилик қилган ҳукмдор ва жангчи аёл — Тўмарис сиймоси машҳур. Бу аёл киши раҳбарлик қилиши, қарор қабул қилиши ва бошқарувда иштирок этиши мумкинлиги ҳақидаги ғоянинг ўзи янги ёки «ғарбга хос» тушунча эмаслигини кўрсатади.

Шунга ўхшаш мисолларни бошқа минтақалар, жумладан, мусулмон маданиятлари тарихида ҳам топиш мумкин. Масалан, дунёдаги энг қадимий университетлардан бири — Марокашдаги Ал-Қаровийин университетига IX асрдаёқ Фотима ал-Фиҳрий исмли аёл томонидан асос солинган.

Ирина Матвиенко.

Нигина Худойбергенова: Аслини олганда, феминизм аёлларнинг ўз ҳуқуқлари ва имкониятлари чекланиши мумкинлигини англаши билан боғлиқ. XIX-XX асрлардаги суффрагистлар ҳаракати туфайли уни кўпинча Европага хос ҳодиса деб ҳисоблашади. Бироқ XX аср бошларидаги Россия тарихини эсга олсак, кўплаб инқилобий ҳаракатлар «аёллар масаласи»ни ҳам кўтарганини кўрамиз. Фақат улар камдан-кам ҳолларда феминистик ҳаракатнинг бир қисми деб аталади, ваҳоланки, моҳиятан улар ҳам аёллар ҳуқуқлари ҳақида гапирган.

Марказий Осиё тарихида аёллар бирдамлиги ва мустамлакачилик ҳокимиятига қарши кураш мисолларини топиш мумкин, лекин улар ҳар доим ҳам аёллар ҳаракатларининг кенгроқ тарихининг бир қисми сифатида қаралмайди.

Аёллар ҳуқуқларини кенгайтириш йўлидаги кураш фақат Ғарбга хос ғоя эмас. Аксинча, бу аёлларнинг тенг имкониятларга бўлган ички эҳтиёжи ва ҳуқуқларининг тан олиниши ифодасидир.

— Анъанавий қадриятлар — жамиятнинг пойдевори. Неча-неча авлодлар шу қадриятлар асосида улғайган. Аждодларимиз ҳаётини белгилаб берган ва бизнинг ҳаётимизни ҳам белгилаб бераётган нарсаларга қарши нега курашишимиз керак?

Ирина Матвиенко: Жамият доимий ривожланишда ва у билан бирга меъёрлар ҳам ўзгариб боради. Бир неча аср аввал мақбул саналган нарса бугун номақбул деб қабул қилиниши мумкин. Масалан, ўтмишда айрим мамлакатларда ўғирлик учун одамнинг қўлини кесишлари мумкин эди, бугунги кунда эса аксарият одамлар учун бу номақбул ҳолат.

Анъанавий қадриятимиз — оила ҳақида гап кетса, феминистлар оила институтининг йўқ қилиниши тарафдори эмас. Аксинча, оила инсон ва жамият ҳаётининг муҳим қисми бўлиб қолаверади. Бу ерда гап шу оиланинг айнан қандай бўлиши кераклиги ҳақида кетяпти.

Феминистлар зўравонликдан холи оила, аёллар учун ҳам, худди эркакларда бўлганидек, ривожланиш ва қарор қабул қилиш имконияти бўлиши ҳамда оиладаги масъулият адолатлироқ тақсимланиши ҳақида гапиради. Бундай модель шериклик муносабатларини назарда тутади. Унда инсонлар бир-бири билан муроса қила олади, бир-бирини эшитади ҳамда босим ва мажбурлашларсиз қарор қабул қилади.

8 марта, nemolchi.uz, ирина матвиенко, нигина худайбергенова, ўзбекистонда феминизм

Нигина Худойбергенова: «Анъанавий қадриятлар» ва қандайдир янги ғояларни бир-бирига қарама-қарши қўйишнинг ўзи унчалик тўғри эмас. Жамиятдаги ҳар қандай ўзгариш қаршиликка учрайди — бу табиий жараён. Масалан, саноат инқилоби даврида ҳам шундай бўлган: янги технологиялар одатий турмуш тарзига таҳдид сифатида қабул қилинган.

Назаримда, анъаналар ҳақида эмас, қадриятлар тўғрисида гапириш муҳимроқ.

Ҳар бир жамият бугунги кунда унинг учун қандай қадриятлар чинакамига муҳим экани ҳақида ўзига савол бериши мумкин: ўзаро ҳурмат, тенг муносабат, зўравонликка йўл қўймаслик. Агар қандайдир «анъана» адолатсизликка олиб келса ёки жамиятнинг бир қисмига зиён етказса, уни муҳокама қилиш ва қайта кўриб чиқиш мутлақо табиий ҳол.

— Феминистлар оила ва рўзғор тебратишни ҳақ тўланиши керак бўлган иш деб ҳисоблайди. Бу аёлнинг оила ўчоғини асрашдан иборат бўлган табиатига зид келади. Қизларни ёшлигиданоқ шунга тайёрлаб боришади.

Нигина Худойбергенова: Қизларимизни қандай тарбиялашимиз ва уларга болалигидан қандай вазифаларни юклашимиз кўп жиҳатдан уларнинг катта ҳаётдаги хулқ-атворини шакллантиради. Шу боис оилага ғамхўрлик қилиш фақат аёлнинг табиатига хос вазифаси, дейиш тўғри эмас. Аксинча, бу тарихан аёллар зиммасига юклатилган ижтимоий рол.

8 марта, nemolchi.uz, ирина матвиенко, нигина худайбергенова, ўзбекистонда феминизм

Нигина Худойбергенова.

Ирина Матвиенко: Иқтисодиётда ижтимоий такрор ишлаб чиқариш деган тушунча бор. У жамиятнинг узлуксиз мавжудлигини таъминлайдиган жараёнлар: болаларни дунёга келтириш ва тарбиялаш, оила аъзоларига ғамхўрлик қилиш, кундалик уй-рўзғор юмушларини бажаришни ўз ичига олади. Бу меҳнат одамларнинг ишлаши, ривожланиши ва иқтисодиётга ҳисса қўшиши учун шароит яратади.

Шу билан бирга, бу турдаги меҳнатнинг салмоқли қисми кўзга кўринмайди. Гап нафақат рўзғор юмушлари, балки ақлий ва ҳиссий юклама ҳақида ҳам кетяпти. Бунда бир киши бутун оиланинг кундалик ҳаётини ташкиллаштиради, харидларни режалаштиради, фарзандлари ва яқинларининг эҳтиёжларидан хабардор бўлиб туради.

Турмушда технологиялар ёки етказиб бериш хизматлари пайдо бўлган тақдирда ҳам, юклама сақланиб қолаверади: барибир кимдир қарор қабул қилади, режалаштиради ва вазифаларни тақсимлайди. Амалда эса кўплаб оилаларда бу масъулият ҳамон аёллар зиммасига кўпроқ тушяпти.

8 марта, nemolchi.uz, ирина матвиенко, нигина худайбергенова, ўзбекистонда феминизм

Шунинг учун ривожланган мамлакатларда бу меҳнатни тан олиш, юкламани адолатлироқ тақсимлаш ва оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни ривожлантириш масалалари тобора фаолроқ муҳокама қилинмоқда. Бу оила ва фарзандлар тарбияси ҳақида қайғуриш аёлларнинг шахсий ишигина эмас, балки жамият фаолиятининг муҳим қисми эканини эътироф этишга ёрдам беради.

— Биологик жиҳатдан турлича бўлган эркак ва аёл қандай қилиб тенг бўлиши мумкин?

Ирина Матвиенко: Унда шундай савол туғилади: тенглик ғоясининг ўзи нимага асосланган? Келинг, тасаввур қиламиз, ирқлар борасида ҳам худди шу гапни айтсак: турли ирқ вакиллари биологик жиҳатдан фарқ қилса, қандай қилиб тенг бўлишлари мумкин? Бу жумла эшитганингизнинг ўзидаёқ ғалати туюлади ва ички норозиликни уйғотади. Биологик тафовутлар тенглик тамойилини инкор этмайди. Зеро, тенглик одамларнинг бир хиллигини эмас, балки ҳар бир инсоннинг дастлабки ҳолатидан келиб чиққан ҳолда тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўлишини англатади.

Аксарият мамлакатлар қонунчилигида жинси, келиб чиқиши, ирқи ёки ижтимоий мавқеидан қатъи назар, барча инсонлар тенг эканини назарда тутувчи тамойил белгилаб қўйилган. Инсоннинг инсон бўлиб туғилганининг ўзиёқ унинг муайян ҳуқуқ ва эркинликларга эга эканини англатади.

Аёллар жисмонан заифроқ ва ҳоказо, деб фараз қилган тақдиримизда ҳам, бошқа бир савол туғилади: унда нега жамият шартли равишда «кучли» инсонга мослаб қурилади? Нега биз эҳтиёжларини кўпинча шаҳар инфратузилмаси ҳам қондиролмайдиган заифроқ гуруҳларга: кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ёки ёш болали ота-оналарга эътибор қаратмаймиз?

8 марта, nemolchi.uz, ирина матвиенко, нигина худайбергенова, ўзбекистонда феминизм

Агар жамият бошиданоқ шундай гуруҳларни ҳисобга олиб лойиҳалаштирилганида, у ҳамма учун қулайроқ бўларди. Масалан, пандуслар, хавфсиз пиёдалар йўлкалари, ўтиш жойлари ва велойўлаклар нафақат ногиронлиги бўлган шахслар, балки болалар аравачаси билан юрадиган ота-оналар, кексалар ва умуман, барча шаҳарликларнинг ҳаётини осонлаштиради.

Шу сабабли, биологик фарқларнинг ўзи тенгсизликни англатмайди. Биз жамиятда қандай қоидалар ва шароитлар яратяпмиз ҳамда улар турли гуруҳларнинг манфаатларини инобатга оладими ёки йўқ — ҳамма гап ана шунда.

— Агар феминизм ғалаба қозонган мамлакатда аёллар гендер белгисига кўра, эркаклар эса касбий маҳоратига кўра ишга олинса, бу қанақасига тенглик бўлади?

Нигина Худойбергенова: Бу савол «эркаклар яхшироқ ишлагани учун кўпроқ маош олади, меҳнатга тенг ҳақ тўлашга бўлган ҳар қандай уриниш эса эркакларга нисбатан адолатсизликка олиб келади», деган кенг тарқалган фаразга асосланган. Бироқ халқаро тадқиқотлар бунинг аксини кўрсатади. Масалан, Жаҳон банкининг ҳисоботларида кўплаб мамлакатларда ҳатто бир хил лавозимларда ва ўхшаш мажбуриятлар остида ҳам эркаклар ва аёллар турлича маош олиши мунтазам равишда қайд этилади. Бу тафовут деярли ҳамма жойда мавжуд.

Бунинг сабаблари фақат касбий сифатлар билан эмас, кўпроқ ижтимоий қарашлар ва меҳнат бозорининг тузилиши билан боғлиқ. Масалан, аёллар мансаб пиллапояларидан фақат муайян бир даражагача кўтарила олиши, шундан сўнг кўринмас тўсиқларга дуч келишини назарда тутувчи «шиша шифт» тушунчаси мавжуд. Ёки аёллар кам ҳақ тўланадиган лавозимларда узоқ вақт қолиб кетишини назарда тутувчи «ёпишқоқ пол» тушунчаси бор.

8 марта, nemolchi.uz, ирина матвиенко, нигина худайбергенова, ўзбекистонда феминизм

Бундан ташқари, аёллар зиммасига кўпинча «иккинчи смена» — рўзғор ишлари, бола парвариши ва яқинларга ғамхўрлик қилиш масъулияти тушади. Бу уларнинг карьеравий ўсиш имкониятларига таъсир қилади: масалан, аёллар кўпинча бола парвариши учун касаллик таътили олади, ҳомиладорлик ва туғруқ таътилига чиқади ёки хизмат сафарларидан ва қўшимча ишлардан чекланишга мажбур бўлади.

Бунга ишга қабул қилиш босқичидаги дискриминация ҳам қўшилади. Аёлларга кўпинча одатда эркакларга берилмайдиган, турмушга чиқиш, фарзандли бўлиш борасидаги режалари ёки оилавий аҳволи ҳақида саволлар берилади. Шу билан бирга, кўпинча «тўғри жавоб»нинг ўзи бўлмаган ҳолат юзага келади: агар аёлнинг фарзанди бўлмаса, у яқинда ҳомиладорлик таътилига чиқиб кетади, деб тахмин қилинади; агар боласи кичик ёшда бўлса, у тез-тез касаллик таътили олади, дейилади; агар болалари улғайган бўлса, у яна фарзанд кўришни исташи мумкин, деб ўйлашади. Натижада, ҳатто касбий салоҳияти лавозимга тўла мос келган тақдирда ҳам иш берувчи аёлни бошиданоқ «ноқулайроқ» ходим сифатида қабул қилиши мумкин.

Шу сабабли, меҳнатга тенг ҳақ тўлаш ҳақидаги гап — имтиёзларга эга бўлишга интилиш эмас, балки мавжуд тўсиқларни бартараф этиш ва барча ходимлар учун адолатлироқ шароитни таъминлашга уринишдир.

— Агар феминистлар танлов эркинлиги тарафдори бўлса, нега улар муваффақиятли оила қуришни ва уй бекаси бўлишни истаган қизларни танқид қилади?

Ирина Матвиенко: Умуман олганда, феминистлар аёлларни шахсий танлови учун танқид қилмайди. Аксинча, феминистик қараш аёлларни қоралашдан воз кечишни англатади, чунки патриархал маданият кўпинча айнан аёлларнинг хулқ-атворини доимий танқид қилишга асосланади.

Аёл деярли ҳар қандай танлови учун қораланиши мумкин. Агар ҳиссиётларини кўрсатса — ваҳимачи, кўрсатмаса — совуққон деб аташлари мумкин. Агар у ўзини оиласига бағишласа, уни «бор-йўғи она» деб маломат қилишлари мумкин. Агар карьерани танласа, «ёлғиз» ёки «аёл сифатида ўзини рўёбга чиқармаган» дейишади. Агар пардоз қилган бўлса, уни беандиша ёки «ўзига эътибор тортишга ҳаддан ташқари уриняпти» деб дейишлари мумкин. Агар пардоз қилмаган бўлса, уни ранги сўлғинликда ёки ўзига қарамасликда айблашади.

Феминистлар аёллар учун тенг бўлмаган роллар ёки хавф-хатарлар мавжуд бўлган ижтимоий институтлар ёки амалиётларнинг ўзини танқид қилади. Масалан, никоҳ ҳақида гап кетганда, феминистларнинг танқиди кўпинча аёлнинг турмушга чиқиш ёки уй бекаси бўлиш истагига эмас, балки аёлнинг заиф аҳволга тушиб қолиши, зўравонликка учраши ёки муҳим қарорларга таъсир ўтказа олмаслиги каби ҳолатларга қаратилади.

8 марта, nemolchi.uz, ирина матвиенко, нигина худайбергенова, ўзбекистонда феминизм

Бундан ташқари, ҳар қандай танловга ижтимоий кутилмалар ва тарбия кучли таъсир кўрсатади. Қизларни кўпинча болалигиданоқ муайян ижтимоий ролларга йўналтиришади, шунинг учун аёлларда ҳақиқатан ҳам турли ҳаёт йўлларини танлаш имконияти бўлиши муҳим.

Танлов эркинлиги ҳақида гапирганда, феминистлар аввало аёлнинг карьера қуришга, турмушга чиқишга ёки уй-рўзғор юмушлари билан шуғулланишга қарор қилишидан қатъи назар, унинг хавфсизлиги ва реал имкониятларини назарда тутади.

— Нима учун феминистлар тил қоидаларини ўзгартиришга уринишади? Улар сўзларга қўшимчалар қўшиб, феминитивлар билан аёлларни камситаётганини ва касбий маҳоратини пастга ураётганини тушунмайдими?

Нигина Худойбергенова: Мен маълумотим бўйича филолог, рус филологияси магистриман, шунинг учун бу масалага, жумладан, касбий нуқтаи назардан ҳам қарайман.

Феминитивлар — янги ҳодиса эмас. Улар XIX аср — XX аср бошларида ҳам мавжуд бўлган ва фаол қўлланилган. Ўшанда «малярка» («бўёқчи аёл») ёки «сварщица» («пайвандчи аёл») каби сўзлар ҳеч кимни ажаблантирмаган. Кейинчалик, аёлларнинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни яна чеклана бошлагач, феминитивларга бўлган муносабат ўзгарган — уларни кулги остига ола бошлашган ёки «жиддий эмас» деб ҳисоблашган.

Тил, умуман олганда, ҳар доим ижтимоий жараёнлар ва мафкура билан боғлиқ. Жамиятга аёлларни ишга жалб қилиш керак бўлганда, масалан, плакатларда, уларга феминитивлар орқали бемалол мурожаат қилинган. Аёлларнинг ўрни яна биринчи навбатда оила ва уй билан боғлана бошлаганда, бирдан бундай сўзлар «адабий тилга ёт» ёки «кулгили» эшитилади, деган фикр пайдо бўлган.

8 марта, nemolchi.uz, ирина матвиенко, нигина худайбергенова, ўзбекистонда феминизм

Совет даврига оид плакат. Манба: pikabu.

Айни пайтда, кам ҳақ тўланадиган касблар билан боғлиқ одатланиб қолинган феминитивлар ҳеч кимни безовта қилмайди. «Уборщица» («фаррош аёл») ёки «медсестра» («ҳамшира») сўзлари барча учун мутлақо табиий эшитилади. Гап «экспертка» («эксперт») ёки «авторка» («муаллиф аёл») каби юқорироқ мақомдаги касблар ҳақида кетиши билан фаол қаршилик бошланади.

Муаммо шундаки, баъзилар хато ўйлагани каби, аксарият касбларда умумий жинс эмас, балки эркакларга хос шакл асосий ҳисобланади. Касб номлари шундоғам «нейтрал», деган даъво тилнинг тузилишига мос келмайди. Шу сабабли, феминитивлардан фойдаланиш кўпчилик учун аёлларнинг касбдаги ўрнини яққолроқ кўрсатиш усулига айланмоқда.

Бугунги кунда кўплаб филологлар феминитивларга нисбатан вазмин муносабатда бўлиб, уларга тил ўзгаришининг табиий жараёни сифатида қарайди. Тил доим жамият билан бирга ўзгариб боради. Агар айрим сўзлар фаол қўлланила бошласа, вақт ўтиши билан улар луғатлардан мустаҳкам ўрин олиб, меъёрга айланади. Шундай экан, феминитивларнинг келажаги кўп жиҳатдан одамларнинг улардан фойдаланиш-фойдаланмаслигига боғлиқ.

8 марта, nemolchi.uz, ирина матвиенко, нигина худайбергенова, ўзбекистонда феминизм

Совет даврига оид байрам плакати. Манба: pikabu.

Ирина Матвиенко: Қизиғи шундаки, грамматик жинс (род) категорияси бўлмаган тилларда бундай баҳслар деярли юзага келмайди. Масалан, ўзбек тили гендер жиҳатдан нейтрал ва унинг тузилиши одамларни грамматик жинсга қараб ажратишни назарда тутмайди. Шу боис кўплаб ўзбек тилида сўзлашувчилар учун феминитивлар атрофидаги баҳснинг ўзи ғалати туюлиши мумкин: тилнинг ўзи шунчаки эркак ва аёл шакллари ўртасидаги фарққа бунчалик урғу бермайди.

— Нега феминизм аёлларни эркаклардан нафратланишга ўргатади?

Нигина Худойбергенова: Феминизм — бу аввало аёллар ҳуқуқлари масаласи. Лекин гап муайян бир гуруҳнинг ҳуқуқлари ҳақида кетганда, баъзан бу бошқа бир гуруҳга қарши қилинаётгандек туюлиши мумкин. Бироқ гап нафратда эмас, балки жамиятда тарихан шаклланган, бизнинг мисолимизда — адолатсиз бўлган имтиёзлар ва ижтимоий қоидаларни қайта кўриб чиқишда. Имтиёзлар эса тарихан камдан-кам ҳолларда ихтиёрий равишда ва қаршиликсиз тақдим қилинади.

Айни пайтда, шуни тушуниш муҳимки, патриархал тузумни танқид қилиш — эркаклардан нафратланиш дегани эмас. Феминистлар эркакларнинг имтиёзлари ёки, масалан, зўравонлик ҳақида гапирганда, эркакларнинг «табиатан» қандайдир ёмон эканини эмас, балки ижтимоий механизмлар ва меъёрларни назарда тутади. Умуман, мен ҳамма нарсани биология билан изоҳлашга уринишларга жуда танқидий ёндашаман — жамиятдаги кўп нарсалар ижтимоий жиҳатдан шаклланади.

Қолаверса, феминизм эркаклар учун ҳам фойдали бўлиши мумкин. Масалан, у «токсик маскулинлик» ғоясини, яъни эркак доим кучли бўлиши, ҳис-туйғуларини кўрсатмаслиги кераклиги, оиланинг моддий таъминотига масъуллиги ва заиф бўлишга ҳаққи йўқлиги каби қарашларни шубҳа остига қўяди. Бу ҳам босим. Шу сабабли феминизм эркакларни эмас, балки жамиятдаги адолатсиз ижтимоий қоидалар ва ресурсларнинг тақсимланишини танқид қилади.

8 марта, nemolchi.uz, ирина матвиенко, нигина худайбергенова, ўзбекистонда феминизм

Иллюстратив сурат. Манба: Aiden Frazier / Unsplash.

Ирина Матвиенко: Шуни қўшимча қилган бўлардимки, феминизмни «эркакларга нафрат»да айблаш — бу манипуляцион усул. Феминистлар аёллар ҳуқуқлари ҳақида гапирганида, кўпинча «демак, сиз эркакларга қаршисиз», деган муносабат пайдо бўлади. Бу — ёлғон мантиқ. Феминистлар аёллар ҳуқуқлари, яъни худди шундай имкониятлар ва хавфсизлик уларда ҳам бўлиши кераклиги ҳақида гапиради.

Борди-ю кимларгадир бир гуруҳ ҳуқуқларининг кенгайиши бошқа гуруҳникини автоматик тарзда чеклайдигандек туюлса, бу кўпроқ ўша ҳуқуқ ва имкониятларнинг аслида қандай тақсимлангани билан боғлиқ масала. Тенглик ҳақидаги суҳбатнинг ўзи нафратни англатмайди. Бу — жамиятни барча учун қандай қилиб адолатлироқ қилиш устидаги баҳс.

— Агар аёллар тенг ҳуқуқлиликни истаса, нега эркаклар ҳисобни тенг бўлиб тўлашни таклиф қилганида аразлашади?

Ирина Матвиенко: Бу етарлича қизиқ аргумент. Биз тенг ҳуқуқлилик ҳақида гапирганимизда, одамларнинг тенг мавқеда бўлишини назарда тутамиз. Масалан, ҳамкасблар бирга тушликка чиқса, одатда ҳеч кимда ким ким учун тўлаши керак, деган савол туғилмайди — ҳар ким ўз буюртмаси учун ўзи тўлайди, чунки улар тенг касбий муносабатларда.

Учрашувлар борасида эса вазият бироз бошқачароқ — уларда муайян ижтимоий кутилмалар бўлади. Учрашув назарий жиҳатдан муносабатларга айланиб кетиши мумкин ва патриархал маданиятда кўпинча ҳисобни эркак киши тўлаши кутилади. Бироқ ҳамма аёллар ҳам буни кутмайди. Кўпчилик ўзи ҳисобни бўлишишни таклиф қилади. Шу сабабли, барча аёллар ҳисобни улар учун эркак тўлашини исташади, деган тасаввур ҳам кўп жиҳатдан стереотипга асосланган.

8 марта, nemolchi.uz, ирина матвиенко, нигина худайбергенова, ўзбекистонда феминизм

Муносабатларнинг кенгроқ контекстини ҳисобга олиш муҳим. Кўпгина оилаларда ҳалигача рўзғор ишлари ва бола парваришининг асосий қисми аёл зиммасига тушади. Масалан, ҳомиладорлик, туғруқ ва ёш болани парваришлаш даврида аёл маълум муддат иқтисодий фаолиятдан четда қолиши мумкин. Шу боис, тенг ҳуқуқлилик ҳақидаги баҳс кўпинча учрашувда ҳисобни тўлаш каби рамзий нарсаларгача соддалаштирилади, ваҳоланки, аслида тенглик масаласи анча кенгроқ — у муносабатлар доирасидаги масъулият, меҳнат ва имкониятларнинг тақсимланишига тааллуқли.

Қолаверса, турли мамлакатларда маданий кутилмалар ҳам турлича бўлиши мумкин. Масалан, қатор Ғарб мамлакатларида учрашувда ҳисобни бўлишиш оддий ҳолат сифатида қабул қилинади ва ҳеч қандай баҳс-мунозарага сабаб бўлмайди.

Умуман олганда, тенглик ҳақида гап кетганда, у мажбуриятларни танлаб тақсимлашни эмас, балки муносабатлардаги масъулиятни — ҳам молиявий масалаларда, ҳам оилага ғамхўрлик ва фарзандлар парваришида — адолатлироқ тақсимлашни англатади.

— Агар феминизм яхши нарса бўлса, нега ҳамма аёллар ҳам уни қўллаб-қувватламайди?

Нигина Худойбергенова: «Аёл бўлиб туғилдингми, демак, автоматик равишда феминист бўлишинг керак», деган янглиш тушунча бор. Аслида ундай эмас. Феминизм — бу англанган позиция. У тенгсизлик механизмларини тушунишни ва уларга қарши нимадир қилишга тайёрликни англатади. Ҳамма аёллар ҳам феминистлар ҳаракатига қўшилган эмас ва ҳамма ҳам бу қадриятларни очиқчасига эълон қилишга тайёр эмас.

Шу билан бирга, «мен феминизмни қўллаб-қувватламайман» дейдиган аёлларнинг ўзи ҳам кўпинча феминистлар ҳаракати туфайли пайдо бўлган ҳуқуқлардан фойдаланишини тушуниш муҳим. Масалан, таълим олиш, мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи ва бошқа кўплаб имкониятлар шулар жумласидан. Шу сабабли баъзида гап аёлнинг ҳақиқатан ҳам тенг ҳуқуқларга қарши эканида эмас, балки у шунчаки бу ҳуқуқларни феминизм билан боғламаслигида ёки бу сўзни ишлатишни истамаслигида бўлади.

8 марта, nemolchi.uz, ирина матвиенко, нигина худайбергенова, ўзбекистонда феминизм

Бундан ташқари, микрофеминизм тушунчаси ҳам мавжуд бўлиб, у аёллар ўртасидаги кичик бирдамлик ҳаракатларини англатади. Булар аёллар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, тадбиркор аёлларни танлаш, аёллар лойиҳаларига хайрия қилиш бўлиши мумкин. Ҳатто аёл ўзини феминист деб атамаган тақдирда ҳам, шундай кичик ҳаракатларнинг ўзини бирдамликнинг бир кўриниши сифатида баҳолаш мумкин.

Муҳим жиҳат: баъзан патриархал жамиятда аёлларга қоидаларга очиқчасига қаршилик кўрсатгандан кўра, «қоида бўйича ўйнаш» фойдалироқ бўлади. Бу уларнинг «ёмонлиги» ёки «тушунмаслиги»дан эмас, балки шундай йўл тутиш баъзида жон сақлаш учун хавфсизроқ ва осонроқ бўлгани учундир.

— Эркаклар феминист бўла оладими?

Ирина Матвиенко: Феминизм — бу аёллар ҳуқуқлари учун курашадиган аёллар ҳаракати. Шу сабабли, айрим тадқиқотчилар эркакларни профеминистлар, яъни гендер тенглиги ғояларини қўллаб-қувватловчи шахслар деб аташ тўғрироқ, деб ҳисоблайди. Бунда қўллаб-қувватлашнинг онгли бўлиши муҳим.

Баъзан шундай ҳолатлар бўладики, эркаклар ўзларини профеминист деб атайди-ю, лекин мавзуни унчалик чуқур тушунмайди. Улар ушбу муаммоларнинг назарий асоси ва моҳиятига чуқур кирмасдан, феминистлар айтиб юрган фикрларни шунчаки такрорлаши мумкин. Шу тариқа эркаклар феминизм мавзусидан ўзларини «илғор» қилиб кўрсатиш воситаси сифатида фойдаланади.

8 марта, nemolchi.uz, ирина матвиенко, нигина худайбергенова, ўзбекистонда феминизм

Иллюстратив сурат. Манба: Graham Klingler / Unsplash.

Яна бир жиҳат бор. Патриархал жамиятда эркакнинг сўзи кўпинча аёлникидан кўпроқ тош босади. Гоҳида бирор аёл қандайдир фикр билдиради-ю, уни шунчаки эшитишмайди. Кейин ўша фикрни бир эркак такрорласа, ҳамма: «Вой, қандай ажойиб ғоя», дейди.

Шу боис, агар эркаклар ҳақиқатан ҳам тенглик ғояларини қўллаб-қувватлашни истаса, улар нафақат аёллар ҳуқуқлари, балки патриархал тизимнинг эркакларнинг ўзига қандай зарар етказиши ҳақида ҳам гапиргани маъқул. Масалан, токсик маскулинлик ва ҳоказолар тўғрисида. Бу шунинг учун ҳам муҳимки, гендер стереотиплари ҳаммага чеклов қўяди. Эркаклар ўз аудиторияси ичида бу ҳақда гапира бошлаганда, бу гендер роллари ҳақидаги ижтимоий тасаввурларнинг ўзгаришига туртки бўлиши мумкин.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *