Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатларидаги аёлларнинг деярли 70 фоизи туғуруқ пайтида қўпол муносабатга дуч келган. Бу ҳақда БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) томонидан эълон қилинган «Ҳомиладор аёлларга нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш: Шарқий Европа ва Марказий Осиёдаги аёлларнинг тажрибаси ва қарашлари» номли янги ҳисоботида айтилади.
Ҳисобот натижалари ЮНФПА томонидан минтақанинг 16 та давлатида, жумладан, Ўзбекистонда ҳам яқинда фарзанд кўрган 2600 дан ортиқ аёллар ўртасида ўтказилган онлайн сўровномага асосланган.
Респондентларнинг учдан икки қисми қўпол муносабатнинг камида бир кўриниши ҳақида хабар берган — булар розилик олмасдан амалга оширилган тиббий муолажалар, оғзаки ва жисмоний зўравонлик, шунингдек, махфийликнинг жиддий бузилишидир, деб қайд этади ЮНФПА.
«Ушбу натижалар — ташвишли сигнал… Акушерлик зўравонлиги шунчаки клиник муаммо эмас; бу инсон ҳуқуқларининг бузилиши бўлиб, аёлларни чорасизлик ва стресс ҳолатида қолдиради, уларнинг саломатлиги ҳамда фаровонлигига узоқ муддатли таъсир кўрсатади», — деди ЮНФПАнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Флоренс Бауэр.
Ҳисоботнинг бошқа асосий хулосалари:
- Аёлларнинг деярли ярми (48,1%) эпизиотомия, кесарча кесиш ёки окситоцин юбориш каби акушерлик муолажаларига ўзларининг розилигисиз, хабардор қилинмасдан дуч келган;
- Сўровда қатнашган аёлларнинг қарийб 24 фоизи оғзаки зўравонлик, жумладан, бақириш ва камситишлар ҳақида хабар берган, ҳар ўн нафар аёлдан бири эса туғуруқ ёки гинекологик кўрик пайтида жисмоний ёки жинсий зўравонликка дуч келган;
- Респондентларнинг ярмидан кўпи (53,7%) «акушерлик зўравонлиги» атамаси билан таниш бўлмаган ва жабрланганларнинг фақат 2 фоизигина бошидан кечирганлари ҳақида расман хабар берган. Жабрланувчиларни ҳисобдорлик механизмларига бўлган ишончсизлик ёки ўч олинишидан қўрқиш тўхтатиб қолади. Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистондаги аёлларнинг қарийб учдан икки қисми акушерлик зўравонлиги ҳақида маълумотга эга эмас, бунга қисман маданий ва ижтимоий нормалар сабаб бўлмоқда, дейилади ҳисоботда;
- Ёш аёллар (18−24 ёш) ҳамда иқтисодий жиҳатдан заиф ёки маълумоти паст бўлган аёллар зўравонлик ҳолатлари ҳақида сезиларли даражада кўпроқ хабар беришган.
ЮНФПА ва Европа акушерлик ва гинекология кенгаши ҳамда коллегияси (EBCOG) минтақа ҳукуматлари ва тиббиёт ҳамжамиятларини акушерлик зўравонлигига барҳам бериш бўйича комплекс стратегияларни жорий этишга чақирди. Бу стратегиялар туғуруқолди таълимидан ҳамманинг фойдаланишини таъминлаш ҳамда беморларнинг фикр-мулоҳазаларига асосланган шаффоф ҳисобдорлик механизмларини ўз ичига олиши керак.
