• Вс. Апр 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Энди мурожаатларни асоссиз равишда қуйи тизимларга юборган ташкилот раҳбарларига чора кўрилади — президент


Ўзбекистонда энди мурожаатларни асоссиз равишда қуйи тизимларга юборган ташкилот раҳбарларига чора кўрилади. Бу ҳақда 13 март кунги йиғилишда президент маълум қилди.

Шунингдек, мурожаатлар тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун жазо ҳам кучайтирилади.

Давлат раҳбари мурожаатлар билан ишлашда «маҳалла еттилиги»нинг масъулияти оширилишини таъкидлади.

Президент виртуал қабулхонасида ҳар бир маҳалла учун алоҳида кабинет очилади. Уни юритишга ёшлар етакчиси билан маҳалла раиси масъул бўлади. Улар келаётган мурожаатларнинг сабабларини ўрганиб, кунлик маълумотларни ҳокимларга тақдим қилиб боради.

Мутасаддиларга «Рақамли маҳалла» тизимини президент виртуал қабулхонасига тўлиқ интеграция қилиш топширилди.

Президент администрациясига ҳокимлар билан биргаликда Халқ қабулхоналарига муаммоларнинг моҳиятини тушунадиган замонавий кадрларни жамлаш, мурожаатларни тизимли таҳлил қилиш бўйича алоҳида назорат гуруҳи фаолиятини йўлга қўйиш топширилди.

Президент администрацияси Коммуникациялар департаменти ҳар ойда Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатларни таҳлил қилиб, умумлаштиради, вазирлар ва ҳокимларга етказиб, ижросини назорат қилади. Одамлар кайфиятига таъсир қилаётган масалалар бўйича раҳбарлар ҳисоботини эшитиб боради, энг муаммоли масалалар бўйича таклифларни ҳукуматга киритади.

Ҳукуматда вазирлик ва идораларнинг раҳбар ходимларидан иборат Тезкор штаб тузилади. Кўтарилган масалалар ҳудуд ва тармоқлар кесимида жойига чиққан ҳолда ҳал қилинади.

Халқ қабулхоналарига мурожаатларни кўриб чиқиш тартибини бузган идораларга мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш ваколати берилади.

Коммуникациялар департаментига мурожаатлар билан ишлаш бўйича давлат идоралари рейтингини йўлга қўйиш ва ҳар олти ойда эълон қилиб бориш топширилди.

Бош прокурорнинг комплаенс бўйича ўринбосари олдига бу борадаги барча топшириқлар ижросини қатъий назоратга олиш вазифаси қўйилди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *